“Наврўзинг муборак, болажон!”
Фото: Ҳаким Йўлдошев / «Халқ сўзи»
Айни кунларда юртимиз бўйлаб кенг нишонланаётган Наврўз айёми барча дилларга хуш кайфият улашмоқда.
Қаерга борманг, байрам Наврўз байрами муносабати билан ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирлар устидан чиқасиз.
Биргина Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек туманида фаолият юритаётган 418-сонли “Қуёшча” мактабгача таълим муассасасида ҳам “Наврўзинг муборак, болажон!” мавзусидаги байрам тадбири ўтказилди.
— Болажонлар бизнинг келажагимиз, орзу умидимиз, бахт-у иқболимиз, — дейди ушбу боғча мудираси Хожар Бобоева. — Уларнинг юзида кулги, лабларига табассум улашиш бизнинг ҳам вазифамиз. Шу боис ҳар йили муассасамизда мана шундай байрам тадбирларини уюштирамиз. Зеро, жажжи болажонларимизнинг ҳар бир куни Наврўз бўлсин!
Тадбирда янграган куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият бағишлади. Айниқса, Камола Пардаева томонидан саҳналаштирилган миллий рақслар намойиши, шунингдек, тарбиячи Феруза Тешабоевага бириктирилган 1-гуруҳ болажонлари ижро этган “Жўжа” қўшиғи ёши катталарни беғубор болалик сари етаклади.
Миллий урф-одат ҳамда анъаналаримизни ўзида мужассам этган бундай байрам тадбирлари бошқа таълим муассасалари, маҳаллаларда кенг нишонланмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг