«Навоийуран» давлат корхонасида ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва 2026 йил устувор вазифалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июлдаги «2022–2030 йилларда «Навоийуран» давлат корхонасида уран қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда корхонани трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида 2030 йилга қадар республикада уран минерал хомашёси базасини 100 минг тоннага етказиш, табиий уран маҳсулотини ишлаб чиқариш ҳажмини икки бараварга, аммоний перренат ишлаб чиқаришни эса 1,7 баробарга ошириш вазифалари белгилаб берилган.
Шунингдек, мазкур қарорга мувофиқ корхонанинг иқтисодий салоҳиятини тўлиқ намоён этиш мақсадида уран захиралари ва ресурслари геологияси, уларни қазиб олиш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмлари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек миллий ва халқаро стандартлар асосидаги молиявий ҳисоботларни расман эълон қилишга оид чекловлар бекор қилинди.
Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида «Навоийуран» давлат корхонаси бир қатор ривожланган мамлакатларнинг йирик компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб, ишлаб чиқариш самарадорлигини йилдан йилга ошириб келмоқда.
Корхонанинг 2025 йилда уран ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг бажарилиши, эришилган натижалар, мавжуд муаммолар ҳамда 2026 йил учун белгиланган устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда мазкур масалалар атрофлича таҳлил қилинди. Йиғилишда бош директор Жамал Файзуллаев аниқ рақамлар таҳлили асосида эришилган натижаларга тўхталиб, самарали фойдаланилмаган имкониятлар юзасидан ҳам фикр билдирди.
— Биз уран маҳсулоти ишлаб чиқариш ва уни тўлиқ экспорт қилишга ихтисослашган мамлакатимиздаги ягона корхонамиз, — деди Ж. Файзуллаев. — Корхонамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ва мамлакатимизнинг жаҳон бозорида муносиб ўрин эгаллашида муҳим аҳамият касб этади. Ана шу масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда ҳар бир имкониятдан унумли фойдалансак, энг юксак марраларни забт этишга қодирмиз.
Ўтган йил давомида корхонада уран ишлаб чиқариш, уран геологиясини ривожлантириш, янги конларни аниқлаш ва захираларни кўпайтириш йўналишларида амалга оширилган ишлар натижасида 14,3 триллион сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 134,5 фоизни ташкил этди. Технологик бурғилаш ишлари ҳажми 227,3 фоизга оширилди. Маҳсулдор эритмаларни қайта ишлаш ҳажми 135,3 фоизга, экспорт кўрсаткичлари эса 110,3 фоизга бажарилди.
Йиғилишда инвестиция дастури доирасидаги лойиҳаларнинг 118,5 фоизга бажарилиб, 160 миллион АҚШ доллари миқдорида капитал қўйилмалар ўзлаштирилгани, натижада 306 та янги иш ўрни яратилгани ҳам қайд этилди.
— Маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги 16 та лойиҳа асосида 121,9 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Импортни қисқартириш бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичлар ўсиш суръати 207,7 фоизни ташкил этди, — дейди корхона бош муҳандиси Анваржон Сапаров. — Таннархни камайтириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида 645,5 миллиард сўм маблағни иқтисод қилиш кутилмоқда. Давлат бюджетига 5,6 триллион сўм тўловлар амалга оширилиб, ўсиш суръати 122,7 фоизга етди.
Йиғилишда эришилган ютуқлар билан бир қаторда мавжуд муаммолар ва 2026 йил учун белгиланган устувор вазифалар бўйича аниқ таклифлар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, моддий-техник таъминот харажатларини мақбуллаштириш, тежамкор ишлаб чиқариш ва меъёрлаш тамойилларини жорий этиш, ресурслардан фойдаланишда суиистеъмолчиликка йўл қўймаслик учун ички назорат ва комплаенс тизимини кучайтириш, айрим ёрдамчи функция ва хизматларни аутсорсинг асосида ташкил этиш, замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларини автоматлаштириш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, ташкилий тузилма ва кадрлар сонини мақбуллаштириш, ходимлар ташаббусларини рағбатлантириш, энергия аудити ўтказиш орқали энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича қатъий чоралар кўриш лозимлиги белгиланди.
Кадрлар салоҳиятини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, янги бурғилаш бригадаларини шакллантириш, мавжуд бригадалар малакасини ошириш, бурғилаш ускуналарини бошқарувчи машинист ва машинист ёрдамчиси касблари бўйича ходимларни танлаш ва тайёрлаш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Йиғилиш якунида корхона бўлинмалари олдига ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, технологик қудуқлар сифатини яхшилаш, геотехнологик конларнинг таркибини қайта кўриб чиқиш, ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, бурғилаш ҳамда геология-қидирув ишларининг самарадорлигини ошириш каби устувор йўналишлар бўйича манзилли вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилиш танқидий-таҳлилий руҳда ўтиб, ҳар бир раҳбар ва мутахассис олдига аниқ ва масъулиятли вазифалар қўйилди.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг