Навоийлик ёшларга Янги йил совғаси
Фото: «Халқ сўзи»
Мамлакатимиз раҳбари 2019 йили Навоий вилоятига ташрифида ҳудуд ёшларининг илғор ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ҳаётда ўз ўринларини топишда кўмаклашиш мақсадида Навоий шаҳрида “Coworking” маркази ҳамда Нурота ва Томди туманларида “Yoshlar mehnat guzarlari” савдо комплекслари фаолиятини йўлга қўйиш заруратига урғу берган эди.
Ўтган давр мобайнида Нурота ҳамда Томди туманларида “Yoshlar mehnat guzari” савдо комплекслари ташкил этилиб, ёш тадбиркорлар учун хизмат хоналари, тикувчилик, сартарошлик, умумий овқатланиш объектлари, ўқув марказлари ишга туширилди.
Куни кеча эса Навоий шаҳрида коворкинг маркази фойдаланишга топширилди. Мазкур муассасанинг тасниф ва тасвирига ўтишдан олдин коворкинг тарихига ҳам бир бор назар солсак.
Коворкинг (“co-working”) сўзи инглизча бўлиб, “ҳамкорлик” деган маънони англатади. 2005 йилдан буён ушбу ибора оммалашиб, салоҳиятли турли касб эгаларининг бир шифт остида меҳнат қилишларига нисбатан қўлланиб келинмоқда. Ўшанда америкалик ёш дастурчи ўз атрофига бир қатор фриланс(эркин ишчи) ҳамфикрларни тўплаб, илк коворкингга асос солган эди.
Ўтган даврда коворкингга бўлган талаб ва муносабат ўзгариб, ундан фойдаланиш ва қўллаш кўлами ҳам кенгайди. Бугун дунёда қиймати миллиард-миллиард долларга баҳоланган коворкинг марказлари фаолият кўрсатиб, уларда иш ўринлари сони ҳам йил сайин ошиб бормоқда.
Коворкинг марказларининг қулайлиги шундаки, ўз офисига эга бўлиш имконияти чегараланган кишилар ундаги шарт-шароитлардан фойдаланиб, муайян ишларни бажаришади. Бир сўз билан айтсак, у бугунги кунда меҳнатни ташкил этишнинг инновацион кўриниши ҳисобланади.
Навоийда ёшларга ўз эшикларини очган коворкинг маркази ҳам биз юқорида санаган барча қулайликларга эга. Бу ажойиб муассасада навқирон авлод вакилларининг ҳаётга янгича ёндашуви, замонавий фикрлар, инновацион ғоялар шаклланиб, ҳаётга татбиқ этилади.
— Қарийб 17 миллиард сўм маблағ йўналтирилган мазкур марказда ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишга кўмак бериш, бизнес режалар ишлаб чиқиш, маслаҳат, юридик, бухгалтерия ва бошқа хизмат турларини кўрсатиш, форумлар, мастер-класслар ва семинарлар ташкил этиш каби ўттизга яқин турда хизматлар йўлга қўйилади, — дейди “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси Навоий вилоят филиали раҳбари Шоҳрҳх Шаропов. — Шунингдек, “Coworking” марказининг юқори қаватларида меҳмонхона ҳам ташкил этилган бўлиб, ёш тадбиркорларимиз эндиликда чет эллик меҳмонлар билан замонавий бизнес марказда ўзаро тажриба алмашиш имкониятига ҳам эга бўлишади. Бир сўз билан таърифласак, бу келажакка йўналтирилган сармоя ҳисобланиб, йиллар давомида баркамол авлод кўринишида ўз дивидендларини бериб бориши шубҳасиз.
Қолаверса, бу ерда “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган 30 нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминлангани ижтимоий аҳамиятга эгадир.
Марказнинг тақдимот маросимида Президент Давлат маслаҳатчиси ўринбосари Қ. Қуронбоев, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев ва Навоий вилояти ҳокими в.б. Н.Турсунов иштирок этди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг