Навоийда жиянининг молига хиёнат қилган аёлга жиноят иши қўзғатилди
Навоийда жиянининг молига хиёнат қилган аёлга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда «Постда» хабар берди.
Навоий вилояти Кармана тумани Камолот маҳалласида яшовчи фуқаро холаси устидан ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Хабарга кўра, фуқаро зарарли меҳнат шароитида ишлагани ҳисобга олиниб, 45 ёшида пенсияга чиққан. Кейинчалик, у холасидан Россия давлатига кетиши учун йўлкирага 500 АҚШ доллари бериб туришини сўраган.
2019 йилнинг ёзида Россияга жўнаб кетган. Кетиш олдидан ўзининг нафақа пулларини олиши учун холасига тегишли ҳужжат расмийлаштириб берган. Ярим йилча ўтиб холасига олган қарзини 600 доллар қилиб қайтариб, қўшимча яна 1100 АҚШ доллари жўнатиб, пенсия пулларига қўшиб қўйишини тайинлаган.
Шу йилнинг сентябрь ойида Карманага қайтган жияни пулларини сўраганида холаси «Эрта... индин...» дея алдаб юраверган. Сабри тугаган жиян Кармана тумани ИИБга холаси устидан ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлган. Аниқланишича, унинг холаси 1100 АҚШ доллари ва 24 633 000 сўм пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. Ушбу ҳолат юзасидан холасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг