Навоийда ваколатли органлар фаолиятида 10 минг 500 дан ошиқ қонунбузилиш аниқланди

18:01 24 Январь 2023 Жамият
1042 0

Фото: Архив сурат

Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида профессионал хизмат кўрсатадиган ихчам ва самарали тизим яратилиб, юртдошларимизнинг турли идоралар билан муносабатларида юзага келаётган муаммолар адлия идоралари томонидан доимий назоратга олинмоқда. Биргина Навоий вилоят адлия бошқармаси томонидан давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ўтказилган мониторинг ва таҳлиллар натижасига кўра, ўтган йили ҳудуддаги ваколатли органлар фаолиятида жами 10 минг 553 та қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилган.

— Аниқланган ҳолатларнинг 10 минг 283 таси белгиланган муддатга амал қилмаслик, 223 таси мурожаатларни асоссиз рад этиш ва 47 таси бошқа қонунбузилишларга тўғри келади, — дейди Навоий вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Элдор Баҳодиров. —Улар юзасидан ваколатли давлат органлари ва ташкилотларининг 30 нафар мансабдор шахслари ва масъул ходимларига нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилди. Шунингдек, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича ваколатли органларга 126 та тақдимнома, 139 та огоҳнома киритилиб, 120 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди, 2 нафар масъул ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Таъкидлаш жоиз, Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Адлия вазирлигига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ҳамда ушбу соҳада давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш вазифаси юклатилиб, қарорнинг 10-бандида вазирлик давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари ва маъмурий регламентлар талабларига риоя этилиши нуқтаи назаридан текширишларни амалга ошириши белгиланган.

Шунга кўра, давлат хизматларини кўрсатувчи «Навоий сув таъминоти» МЧЖнинг ушбу қарор билан тасдиқланган «Юридик ва жисмоний шахсларни сув таъминоти ва сувни чиқариб ташлаш тармоқларига улаш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ҳақида»ги маъмурий регламенти талабларига риоя этганлик ҳолати тизим орқали ўрганилганида 2023 йилнинг 4-13 январь кунлари оралиғида жами 24 та ҳолатда мурожаатларни ўрганиб чиқиш муддатларини бузиш ҳолатлари аниқланган.

— Хусусан, Навбаҳор туман «Тошработ» МФЙда яшовчи фуқаро Р. Бобомуродов 2023 йил 4 январь куни Давлат хизматлари маркази орқали сув таъминоти ва сувни чиқариб ташлаш тармоқларига уланиш учун техник шартларни олиш юзасидан берилган 67771973-уникал рақамли мурожаати ваколатли органга шу куннинг ўзида тизимдан юборилган, — дейди Э. Баҳодиров. — Бироқ ваколатли орган ҳисобланган «Навоий сув таъминоти» МЧЖ Навбаҳор туман бўлими бу мурожаат бўйича бажарилиши лозим бўлган вазифани уч иш кунига кечиктирган. Афсуски, ушбу корхона томонидан ўндан ортиқ шундай қонунбузилишлар содир этилган.

Юқорида таъкидлаганимиздек, қонунбузарларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланиб, қонун устуворлиги таъминланмоқда. Албатта, бу яна кўплаб мутасаддиларга сабоқ бўлиши лозим. Зотан, қонун ижросида «Ҳечдан кўра кеч яхши» деган қараш ва ёндашувга йўл қўйиб бўлмайди.

 

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер