Навоийда Хитойнинг Нанъан шаҳри билан ҳамкорликка доир музокаралар ўтказилди
Нанъан Хитой Халқ Республикасининг икки ярим минг йиллик тарихга эга кўҳна шаҳарларидан бири бўлиб, азалдан металлга ишлов бериш ва ҳунармандчилик маркази сифатида танилган. Табиийки, бой тарихга эга бўлгани боис, у мамлакатнинг сайёҳлик жозибадор ҳудудлари қаторида ўрин тутади.
Навоий вилояти билан Нанъан ўртасида ўхшаш жиҳатлар кўп. Масалан, Учтут қишлоғидаги чақмоқтош конлари ушбу ҳудудда металл ишлов беришнинг уч минг йиллик тарихига доир маълумот беради. «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ ва унинг таркибига кирувчи корхоналар эса металл қазиб олиш ва унга дастлабки ишлов беришда дунёнинг етакчи саноат ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланади. Каштачилик, сангтарошлик каби ҳунармандчилик соҳалари ҳам вилоятнинг қадим анъаналари сирасига киради. Шундан келиб чиқиб, икки ҳудуд ўртасидаги дўстлик ришталари ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш уларнинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириши табиий.
Шу нуқтаи назардан, Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсуновнинг Хитойнинг Нанъан шаҳри делегацияси билан ўтказган музокаралари кенг қамровли ҳамкорликка янги саҳифа очиши билан аҳамиятлидир.

— Бугунги учрашув фақат икки ҳудуд ўртасидаги мулоқот эмас, балки Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва амалий мазмунда ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамдир, — деди Н. Турсунов. — Икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий ва маданий-гуманитар алоқалар тарихи Буюк Ипак йўли даврларига бориб тақалади. Айниқса, сўнгги йилларда ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиб, инвестиция, савдо, саноат ва кадрлар алмашинуви каби йўналишларда сезиларли натижаларга эришилмоқда. Буни Навоий вилоятига киритилаётган инвестициялар ҳажмининг 79 фоизи Хитой улушига тўғри келаётгани, шунингдек, 7 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ёшларнинг Хитой ОТМларида таҳсил олаётгани ҳам тасдиқлайди.
Учрашувда Нанъан шаҳрининг асосий саноат тармоқлари — қурилиш материаллари, техника ва станоксозлик, тўқимачилик, электротехника, мебелсозлик ва маиший техника ишлаб чиқариш бўйича тақдимот ўтказилди. Томонлар ҳудудлараро савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ўзаро инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш катта имкониятлар яратишини таъкидладилар.
Музокараларда шунингдек, Ўзбекистонда ишбилармонлар ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилгани, чет эллик инвесторлар учун кўчмас мулк харид қилиш, мамлакатга келиб-кетиш ва яшаш тартиблари соддалаштирилгани, солиқ ва бошқа имтиёзлар жорий этилгани ҳақида ҳам маълумот берилди.

Суҳбат давомида Навоий вилоятининг иқтисодий салоҳияти — тоғ-кон ва металлургия, кимё саноати, қурилиш материаллари, тўқимачилик ва машинасозлик тармоқларидаги имкониятлар ҳақида атрофлича фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар бир қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва халқаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олдилар.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг