Навоийда байрам шодиёналари

20:02 02 Январь 2023 Жамият
917 0

Фото: Халқ сўзи

Янги йил байрами арчалари Навоий вилоятининг шаҳару туманларида қад ростлаганига икки ҳафтадан ошди. Турфа ранг чироқ ва ўйинчоқлар билан зеб берилган бу арчалар ҳар куни жажжиларнинг хушнуд қуршовида. Арчадан таралаётган ёғдулар кўнгилларни равшан этиб, мурғак қалбларга мунавварлик ато этади.

Анъанага кўра «Президент арчаси»нинг асосий шодиёналари бу йил ҳам муҳташам «Фарҳод» маданият саройида бўлиб ўтди. Байрам тадбирига шаҳар ва туманлардан 200 нафар оилавий болалар уйлари ва Мурувват уйи тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган ўғил-қизлар ва Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз осойишталиги йўлида қурбон бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари фарзандлари таклиф этилиб, вилоят ҳокими Нормат Турсунов уларни кириб келаётган 2023 йил билан қутлади. Давлатимиз раҳбарининг болаларга йўллаган Янги йил байрами табриги, ширинликлар, 3 турдаги ўқув қуроллари, электрон китоб, термос ва шахмат каби жиҳозлардан иборат «Президент совғаси»ни топширди.

Болакайлар шифтга қадар бўй чўзган арча атрофида эртаклар сеҳрли оламига сайр қилдилар. Театрлаштирилган томошаларда бевосита иштирок этиб, байрамга ўзлари тайёрлаган дастурларни намойиш этди.

Шундай байрам шодиёнаси Зарафшон шаҳридаги «Олтин водий» маданият марказида ҳам бўлиб ўтди. Мазкур байрам тадбирига Зарафшон шаҳар ва Томди туманидан 48 нафар оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари, кам таъминланган оила фарзандлари таклиф этилди. Байрамда Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Саъдулла Мирзаев, Зарафшон шаҳри ҳокими Назирбек Рахманов, Томди тумани ҳокими Қайрат Алдаберганов болажонларни табриклаб, «Президент совғаси»ни топширди.

Томошалар катта концерт дастури билан давом этди.

Темур ЭШБОЕВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер