Навоий вилоятида жорий йил 84 миллион метр куб сув тежалади
Маълумотларга кўра, республикамизда йилига ўртача 52 миллиард метр куб сув ишлатилади. Шундан 80 фоизи трансчегаравий дарёлар ҳиссига тўғри келиб, олинган сувнинг 90 фоизидан мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида фойдаланади.
Йилдан йилга сувга бўлган талаб ортиб бормоқда. Бу эса ўз-ўзидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда ҳам сувдан оқилона ва самарали фойдаланишни, суғориш ишларида тежамкор технологияларни жорий қилишни тақозо этмоқда.
Шу мақсадда жорий йил Навоий вилоятида 13 минг 25 гектар майдонга сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш кўзда тутилган. Шундан 12 минг 474 гектари томчилатиб, 551 гектари эса ёмғирлатиб суғориш ҳиссасига тўғри келади. Янги технология томчилатиб суғориш йўлга қўйиладиган экинзорларнинг 10 минг гектарини пахта, 1 минг 188 гектарини озуқабоп экинлар, 724 гектарини токзор, 579 гектарини мевали боғлар ташкил этса, 551 гектар озуқабоп экин майдонида ёмғирлатиб суғориш усули ўзлаштирилади.
Мазкур суғориш технологияларини ўрнатиш 306 миллиард 242 миллион сўм харажатни талаб этади. Табиийки, бундай маблағ вилоятнинг фермер ва деҳқонларига анча оғирлик қилади. Шу боис давлатимиз томонидан бу борада қатор енгилликлар тақдим этилмоқда.
Хусусан, вилоят миқёсида 2021 йилда сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун 96 миллиард 643 миллион сўм субсидия ажратилиши режалаштирилган. Шундан 80 миллиард сўми пахта майдонларини томчилатиб суғориш технологияларини қўллашга йўналтирилади.
— Сув тежовчи технологиялари жорий қилинган майдонларнинг иқтисодий самарадорлиги юқори бўлади, — дейди «Ўзагроинспекция»нинг вилоят бошқармаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари ва ерлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори Меҳриддин Воҳидов. — Вилоятимиз мисолида айтадиган бўлсак, 12 минг 474 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш натижасида 84 миллион куб метр сув тежалади. Шунингдек, минерал ўғитлардан фойдаланиш ҳажми 8,8 минг тоннадан 7,0 минг тоннага қисқаради. Ёқилғи мойлаш маҳсулотлари сарфи эса 2,8 минг тоннадан 1,8 минг камайтирилади. Пахта майдонларида ҳосилдорлик гектарига 45-55 центнерга етказилади.
Вилоятнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда етакчи ҳудудларидан бири саналган Хатирчи туманида жорий йил 3 минг 648 гектарда томчилатиб суғориш жорий қилинса, бу кўрсаткич Қизилтепада 3 минг 220, Карманада 2 минг 955, Навбаҳорда 2 минг 550, Нурота туманида эса 652 гектарни ташкил этади.
Айни кунларда фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари томонидан сув тежамкор технологиялар жорий этиладиган экин майдонларда лазерли ускуна ёрдамида ерларни текислашни йўлга қўйилиб, бу «Ўзагроинспекция»нинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан қатъий назоратга олинган.
Темур ЭШБОЕВ,
(«Халқ сўзи»).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг