Навоий вилоятида таълим ва инновация ҳафталиги ўтказилди

15:34 24 Октябр 2023 Жамият
275 0

Фото: “Халқ сўзи”

“Креатив таълим ва инновация – Янги Ўзбекистон тараққиётининг асоси” шиори остидаги “InnoWeek-2023» ҳафталигида бу сафар “Ёшлар”, “Стартаплар”, “Илм-фан ва тижоратлаштириш” ва “Креатив таълим” йўналишларида ташкил қилинган ҳафталик доирасида вилоят ҳудудидаги ОТМ ва илмий тадқиқот институтлари, профессионал таълим муассасалари, ёш ихтирочилар ва тадбиркорлар ўзларининг инновацион ғоялар, ишланмалар ҳамда маҳсулотлари билан иштирок этишди.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, инновацияни аҳолининг кенг қатламига олиб кириш мақсадида ҳудудларда бир қатор инновацион корхоналар фаолияти йўлга қўйилиб, янги иш ўринлари яратилган ва бир қатор туманларни инновацион маконга айлантиришнинг чора-тадбирлари асосида манзилли йўналишлари шакллантирилган. Чунончи, вилоятнинг инновацион ҳудудлари мақомидаги Кармана ва Қизилтепа туманлари учун умумий қиймати 26,4 миллиард сўмлик 26 тижоратлаштириш, стартап ҳамда илмий лойиҳалар шакллантирилиб, Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан молиялаштирилганлиги шулар жумласидандир.

Бундан ташқари вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан ҳудуд иқтисодиётидаги муаммолар ечимига қаратилган тайёр илмий инновацион ишланмаларни амалиётга жорий қилиш учун 8 та лойиҳа танланиб, уларга 1 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Натижада вилоят бўйича 250 та доимий ва 50 та мавсумий янги иш ўринлари яратилди.

Бевосита жорий ҳафталик тафсилотларига тўхталадиган бўлсак, унда Ўзбекистон Фанлар академияси Навоий бўлими, НДКТУ, Навоий давлат педагогика институти, Навоий инновациялар университети олимлари, талабалари ва мутахассисларининг юздан ортиқ креатив ғоялари, стартаплари ва инновацион ишланмалари кўргазмаси намойиш этилди.

Айниқса, Навоий кончилик ва технологиялар университети ҳамда Навоий давлат педагогика институти жамоалари томонидан олиб борилган бир қатор тадқиқотлар кўпчиликнинг эътиборини тортди.

— Мураккаб геотехнологик қудуқларда қумланишга ва газланишга қарши курашиш қурилмаси устида иш олиб бориб, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигидан патент олдик, – дейди Навоий кончилик ва технологиялар университети доценти Ойбек Қурбонов. – Қурилмамиз кончилик саноатига тегишли бўлиб, геотехнологик қудуқларни ўзлаштириш, қудуқлардаги қумланишга ва газланишга қарши курашиш учун ишлатилиши мумкин. Ускунанинг вазифаси эса юқори газланган ва қаттиқ заррачаларнинг миқдори нисбатан кўп бўлган таркибли суюқликка эга бўлган геотехнологик насос ва қудуқларда насос агрегатларининг иш самарадорлигини оширади. Ушбу қурилмамизнинг иш жараёни эса қуйидагича: таркибида газ ва қаттиқ заррачалар бўлган маҳсулдор эритма фильтрланган зона орқали қудуқ бўшлиғига киради ва гидростатик, гидродинамик босим таъсирида юқорига кўтарилади. Эритмани юқорига кўтаришда қаттиқ заррачаларнинг бир қисми оғирлик кучи таъсирида қисман қудуқ тубига чўкади.

Шунингдек, кўргазмада кўпчиликнинг эътиборини тортган лойиҳалардан бири “Энергия тежамкор, иссиқликка изоляцион, сиқилишга бардошли полимер бетонлар учун маҳаллий хомашёлар асосида замонавий пластификаторли елимлар олиш” лойиҳаси бўлди.

— Лойиҳамизнинг ташаббускори Навоий давлат педагогика институти ҳисобланади, – дейди лойиҳа муаллифларидан бири Шавкатжон Султонов. – Лойиҳамиздан кутилаётган натижалар шундан иборатки, полимерли чиқиндилар қовушқоқлигини оширувчилар импортини қисқартириш бўлиб, бу борада республика бўйича эҳтиёжни камида 65-70 фоизга таъминлаш мумкин. Лойиҳа доирасида 32 та янги иш ўрни яратилиб, ижтимоий дафтарларга киритилган ёшлар иш билан таъминланади. Биз томондан ишлаб чиқариладиган компонентлар маҳаллийлаштирилган бўлиб, импорт қилинадиган пластификаторларнинг ўрнини тўлиқ эгаллай олади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, юқорида келтирганимиз ҳафталикнинг дастлабки ҳисоб-китоблари, бир нарса аниқки унинг доирасидаги кўргазма ва тадбирлар изланувчан кишилар учун ўзаро мулоқотлар майдонига айланиб, иштирокчиларга фикр ва тажриба алмашиш имкониятларини ҳам тақдим этди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер