“Навоий уран” халқаро сертификатга эга бўлди

18:08 12 Май 2023 Иқтисодиёт
868 0

Республикамиз Президентининг 2022 йил 14 июлдаги “2022 - 2030 йилларда “Навоийуран” давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори мамлакатимизда уран хом-ашёси ишлаб чиқаришда ягона ҳисобланган корхона ҳаётида янги-янги саҳифалар очмоқда. 

Мазкур қарорда 2030 йилга қадар республикамизда уран минерал хомашёси базасини 100 минг тоннага етказиш, табиий уран маҳсулотининг ишлаб чиқариш ҳажмини икки баравар, аммоний перренатини 1,7 баробарга ошириш, корхона иқтисодий салоҳиятини тўлақонли намойиш этиш мақсадида уран захиралари ва ресурслари геологияси, уларни қазиб олиш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмлари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, миллий ва халқаро стандартлар асосидаги молиявий ҳисоботлари бўйича маълумотларни расман эълон қилиш бўйича чекловларни олиб ташлаш вазифалари белгиланган. 

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг апрель ойида “CERT INTERNATIONAL” Халқаро сертификатлаштириш органи бош мутахассислари ва аудиторлари томонидан Халқаро стандартлар ISO 9001, ISO 14001, ISO 45001 талабларига асосан сертификатлаштириш аудитининг 2-босқичи бўлиб ўтди. 

Аудит якуни билан компаниянинг Бош аудитори Владимир Береснев иштирокида корхона масъул раҳбарлари ҳамда муҳандис-техник ходимларининг якуний учрашуви ўтказилди. Мулоқотда корхонада сертификатлаштириш аудитининг 2-босқичида аниқланган номувофиқликлар, уларнинг бартараф этилиши, кейинчалик Интеграциялашган Бошқарув Тизими (ИБТ)да белгиланган талаблар асосида иш фаолиятини олиб бориш масалалари муҳокама этилди.

Шунингдек, сеньор-аудиторлар В.Береснев, И.Кудяков, аудиторлар С.Абдусатторова, Н.Мавлонова ҳамда консультант А.Аширматовлар томонидан мазкур йўналишда корхонада олиб борилаётган ишларга ижобий баҳо берилди.

Бош аудитор В.Береснев “Навоийуран” давлат корхонаси, халқаро стандартлар ISO 9001, ISO 14001, ISO 45001 талабларига мувофиқ Интеграциялашган Бошқарув Тизими Халқаро Сертификатига лойиқ деб топилганини эълон қилди ва келгуси фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер