Навоий давлат кончилик институти халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтирмоқда.
Фото: "Халқ сўзи"
Навоий давлат кончилик институтига Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ҳамда Кюсю университети вакиллари ташриф буюрди.
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) – мамлакатимизнинг бир қатор олий ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида информатика, спорт ва бошқа йўналишларда маърифий-маданий лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашади.
Агентлик кўмаги билан бу сафар Кюсю университети олимлари НавДКИ талабаларига "Японияда олтин қазиб олиш усуллари" мавзусида маърузалар қилдилар. Меҳмонлар Навоий кон-металлургия комбинатининг "Мурунтов" конида бўлиб, дунёдаги энг йирик олтин конининг имкониятлари билан танишишди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, Марказий Осиёда НавДКИ кончилик, кимё ва энергетика саноати учун муҳандис ва технологлар тайёрловчи энг йирик олий ўқув юрти ҳисобланиб, дунёнинг бир қатор нуфузли олий таълим муассасалари билан халқаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.
– Жумладан, жорий йилнинг сентябрь ойида Халқаро таълим бўйича АҚШ Кенгаши (American Councils for International Education) дастури бўйича молиялаштирилган НавДКИ ва Колорадо кончилик университети (MINES) ҳамкорлигидаги “Capacity Building Initiative” халқаро лойиҳаси доирасида Collaborative Online International Learning (COIL) – иккала муассаса талабаларига мўлжалланган ўқув курсларини жорий этиш бўйича лойиҳаси амалга оширилди,– дейди НавДКИ илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Тўлқин Нурмуродов. – Ушбу лойиҳа MINES ва НавДКИнинг минералларни қазиб олиш, қайта ишлаш муҳандислиги ва бошқа таълим соҳаларидаги таълим ва илмий ишлар имкониятларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик амалга оширилади. Ҳамкорлик стратегик глобал бозорларда трансмиллий таълим имкониятлари, шу жумладан, самарадор натижаларга эришиш учун салоҳиятга эга талабалар ва ўқитувчилар алмашувини ташкил этиш ва замонавий тадқиқот қобилиятларини ривожлантириш каби мақсадларни ўз олдига қўйган.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг