Навбаҳорликлар йирик инвестиция лойиҳаси бўйича келишувга эришди

16:10 14 Январь 2026 Жамият
378 0

Навбаҳор тумани ҳокими Хитой Халқ Республикасидан ташриф буюрган инвесторлар билан учрашиб, туман ҳудудида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича музокара олиб борди.

Музокаралар давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, хусусан, пахта хом-ашёсини етиштириш, уни чуқур қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларга замонавий технологияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди. Туман ҳокими инвесторларга Навбаҳор туманида яратилган қулай инвестиция муҳити, мавжуд инфратузилма имкониятлари, ер ва меҳнат ресурслари ҳақида атрофлича маълумот берди.

Учрашув якунида хитойлик инвесторлар томонидан умумий қиймати 70 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи йирик инвестиция лойиҳасини Навбаҳор тумани ҳудудида амалга ошириш бўйича ўзаро келишувга эришилди.

— Мазкур лойиҳа доирасида замонавий технологиялар жорий этиш, юқори ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган, — дейди туман ҳокими Алишер Рашидов. — Шунингдек, учрашув якунида хорижий капитал иштирокидаги “NAVBAHOR JIAJIA CLUSTER” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди ва амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилди.

Қўшимча қилиш жоиз, ушбу корхона пахтачилик ва тўқимачилик соҳасида кластер тизимини йўлга қўйиш, хом-ашёни чуқур қайта ишлаш ҳамда экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни мақсад қилган. Унинг амалга оширилиши Навбаҳор тумани иқтисодиётини янада ривожлантириш, саноат салоҳиятини ошириш, экспорт ҳажмини кенгайтириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер