Наманганнинг салоҳияти ва имкониятлари Украина элчисиниҳайратга солди

11:13 03 Декабрь 2020 Иқтисодиёт
1041 0

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкатжон Абдураззоқов Украинанинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Николай Дорошенкони қабул қилди.

Наманган ва Украина ўртасидаги ташқи савдо алоқалари жорий йилда 16 миллион долларни ташкил этиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 фоизга ўсган. Намангандан Украинага 13,8 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниб, вилоятга 2,2 миллион долларлик маҳсулотлар импорт қилинган.

Украинага асосан мева-сабзавотлар, тери ва трикотаж маҳсулотлари юборилган бўлса, бизга саноатнинг турли йўналишлари учун замонавий технологик жиҳозлар, кимёвий воситалар ва дори маҳсулотлари олиб келинган.

Мулоқот давомида ўзаро алоқаларни юқори босқичга кўтариш, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди, деб хабар беради вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

—Фарғона водийсига, жумладан, Наманган вилоятига биринчи бор келишим. Йўлга чиқишдан аввал Украинадаги компаниялар вакиллари билан боғландим. Уларнинг Наманганга қизиқиши ниҳоятда катта, ўзларининг кўплаб истак ва таклифларини йўллашди. Бугун кун бўйи шаҳар айландик, корхоналарни кўздан кечирдик. Бу ердаги ишлаб чиқариш салоҳияти ва имкониятлар мени ҳайратга солди, — деди Н. Дорошенко.

Вилоят раҳбари Украина билан текстиль соҳасида қўшма корхоналар ташкил этиш, чорвачилик йўналишидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, Украина олий ўқув юртларининг Намангандаги олийгоҳлар билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўйича таклифларини билдирди.

—Украина ўзига хос футбол мактабига, кучли мураббий ва ўйинчиларига эга. Наманганда эса футбол биринчи рақамли спорт тури ҳисобланади. Украиналик футбол мутахассисларини Наманганда ёшлар учун маҳорат сабоқлари ўтишларини ҳам кутиб қоламиз. Чунки вилоятимиз футболи ривожини маҳаллий ёшларда кўряпмиз, — деди Ш. Абдураззоқов.

Самимий руҳда кечган мулоқот якунида меҳмонларга эсдалик совғалари топширилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер