Наманганнинг 14 та олис ҳудудига интерфаол киоскалар ўрнатилди
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Наманган вилоятининг туман ва шаҳар маъмурий марказларидан олисдаги 14 та ҳудудга интерфаол киоскалар ўрнатилди. Адлия тизими томонидан жойлаштирилган ушбу қурилмалар ёрдамида 37 турдаги давлат хизматларидан фойдаланиш мумкин.
— Биз туман марказидан 20 километр узоқликда яшаймиз, — дейди Чортоқ тумани Алихон қишлоғи фуқароси Тожихон Баҳодирова. — Давлат хизматлари маркази ходимлари ойда бир маҳалламизга келиб «Сайёр хизмат» кўрсатиб туришади. Энди яшаш жойимизга инфокиоск ўрнатилганидан сўнг истаган пайтда хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилди. У орқали зарур маълумотни саноқли дақиқалар ичида олса бўларкан.
Инфокиосклар ишга туширилиши билан фуқаролар энг зарур хизматлардан тезкорлик билан фойдалана бошладилар. Улар ёрдамида таълим олаётганлиги, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, юридик шахс ташкил этмаган оилавий тадбиркорлик рўйхатини қайд этиш, кам таъминланган деб эътироф этилганлик, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, солиқлар ва йиғимлардан қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларга эга бўлиш мумкин.
Буларнинг барчаси аҳолининг узоғини яқин қилиш, вақтини тежашда муҳим омил бўлмоқда. Вилоятда йил якунига қадар инфокиоск хизматлари турини 70 тага етказиш кўзда тутилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг