Наманганлик уч ўқувчи Испанияда ўтказилган онлайн фeстивалда фахрли ўринларни қўлга киритди
Мусиқа ва санъатга ошнолик болаликдан бошланади. Наманганлик ўқувчи-ёшлар орасида ҳам ана шундай истеъдодлар бисёр. Улардан уч нафари Испанияда ўтказилган онлайн фестиваль-танловда муваффақиятли иштирок этиб, юксак эътирофга сазовор бўлди. Дунёнинг 120 давлатидан вакиллар иштирок этган “World Art Games” шиори остидаги мазкур танловда Наманган шаҳридаги 1-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Аҳрормирза Раҳмонов 13 - 15 ёш тоифасида скрипка ҳамда фортепиано йўналиши бўйича иштирок этди. Унинг ҳар икки йўналишдаги ижро маҳорати биринчи ўринга лойиқ топилди.

Шаҳардаги 52-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчиси Севара Умматалиева фортепиано йўналишида 10 - 12 ёш тоифасида 2-ўринга сазовор бўлди.

Унинг укаси, худди шу мактабнинг 4-синф ўқувчиси Отабек Умматалиев эса халқ чолғулари прима-рубоб йўналишида 10 - 12 ёшли тенгдошлари билан бўлган баҳсларда 2-ўрин соҳибига айланди. Иштирокчиларнинг ҳар бири халқаро тоифадаги диплом билан тақдирландилар. Эътиборлиси, фестиваль-танлов ғолиби Аҳрормирза Раҳмонов жорий йил сўнггида Испанияда ўтказиладиган тантанали тақдирлаш маросимида иштирок этади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг