Наманганда яна бир халқаро фестиваль ўтказилади
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Гуллар шаҳри навбатдаги йирик тадбирга мезбонлик қиладиган бўлди. Янги йўналишдаги анжуман – I Халқаро Наманган автофестивали жорий йилнинг 22 февралида ташкил этилади. Вилоят ҳокимлигининг ушбу ташаббуси орқали ёш техник ва авто ҳаваскорларни қўллаб-қувватлаш, автомобиль тюнинги саноатини ривожлантириш, ихлосмандлар учун янги имкониятлар яратиш ҳамда автотуризм соҳасига янгидан-янги лойиҳаларни олиб кириш мақсад қилинган.
Ташкилотчилар фестивални бетакрор мазмун ва мундарижага бой ҳолда ўтказиш дастурини ишлаб чиқишди. Унга кўра, анжуман аввалида ретро автомобиллар кўргазмаси уюштирилиб, тарихий машиналар жозибаси намойиш қилинади. “Тюнинг” автомобиллари мусобақасида эса иштирокчилар энг креатив ва шиддатли автомобиллар билан яқиндан танишади. Авто ҳунармандлар мусобақаси энг моҳир усталарнинг чинакам беллашувига айланади.
Анжуман доирасида шаҳар бўйлаб автопарад, автоаукцион ва эҳтиёт қисмлар ярмаркаси, картинг мусобақалари ҳамда қимматбаҳо спорт автомобиллари намойиши ҳам кўзда тутилган.
Халқаро фестивалнинг асосий тадбирларини Давлатобод туманидаги “Афсоналар водийси” тематик паркида ўтказиш режалаштирилган. Шу кунлари ташкил этиладиган алоҳида концерт дастурлари ва шоу томошалар ҳам иштирокчиларга мароқли лаҳзаларни тақдим этиши кутилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг