Наманганда сўнгги икки кунда тўртта ёнғин содир бўлди

11:50 24 Ноябрь 2021 Жамият
1271 0

Фото: Халқ сўзи

Ҳаво совуши билан бошланган иситиш мавсуми ҳамюртларимиздан ҳар қачонгидан ҳушёр бўлишни тақозо қилади. Бироқ ёнғин ҳавфсизлиги бўйича тарғибот ишлари кучайтирилишига қарамай, жойларда тилсиз ёв билан боғлиқ нохушликлар давом этаётгани ачинарли. Масалан, 22 ноябрь куни соат 12:40 да Чуст туман фавқулодда вазиятлар бўлимининг 101 қисқа рақамига “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини Гулзор кўчасидаги хонадонда олов чиққани тўғрисида маълумот келиб тушди. Ёнғин натижасида бу ердаги 10 дона сомон боғлами ҳамда тахлаб қўйилган 15 дона ёғоч тўсинлари куйиб кетган. Олов фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин-қутқарувчилари томонидан соат 13-02 да ўчирилган. Тезкор ҳаракат натижасида хонадоннинг 200 квадрат метр жойи сақлаб қолинди.

Шу куни соат 13:56 да Косонсой туманида “Тахтакўприк” маҳалла фуқаролар йиғини Тинчлик кўчаси 73-уйда ҳам ёнғин чиқади. Бунинг натижасида яшаш уйининг бостирмаси том қисмидан 25 квадрат метр жой, 150 дона прессланган сомон ёниб битган. Ёнғин туман фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин-қутқарувчилари томонидан ўчирилиб, хавфнинг олди олинди. Уйчи тумани “Боёғон” маҳалла фуқаролар йиғини Ёр кўчаси 47-уйдаги ёнғин ҳам махсус хизматнинг тезкор ҳаракати билан ўчирилади.

Наманган вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ахборот хизматига кўра, бугун тунги соат 04:02 да Наманган шаҳар “Курашхона” маҳалла фуқаролар йиғини Ҳунарманд кўчаси 4-берк 6-уйда ёнғин чиқиб, хонадон яшаш уйининг шифт ва том қисми 70 квадрат метри, рўзғор буюмлари, уй эгасига тегишли хужжатлар ҳамда икки қўшнисининг яшаш уйи шифт ва том қисми ҳамда қисман уй-рўзғор буюмлари олов ичида қолган. Қутқарувчиларнинг зудликда кўрсатган ёрдами билан олов янада кенгайишига барҳам берилган.

Ҳозирда содир бўлган ёнғинлар юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Наманган вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси юқоридагилардан келиб чиқиб, аҳоли ва халқ хўжалиги мутасаддиларини яна бир бор куз-қиш мавсумида иситиш мақсадида фойдаланилаётган газ, электр иситиш асбобларини назоратсиз қолдирмасликка чақиради.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер