Наманганда I “Ўзбек ботирлари” халқаро гран-при турнири бўлиб ўтмоқда
Қудратилла Нажмиддинов/“Халқ сўзи”. Шу кунларда Наманган вилояти йирик спорт анжумани — эркин ва юнон-рум кураш бўйича катталар ўртасида I “Ўзбек ботирлари” халқаро гран-при турнирига мезбонлик қилмоқда.
Янги Наманган туманидаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида ўтказилаётган мусобақанинг биринчи кунида ўзбекистонлик полвонлардан ташқари Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон, Россиядан келган 140 нафар юнон-рум кураши устаси олти вазн тоифасида баҳсларга киришди. Муросасиз беллашувлар якунида барча вазн тоифасида биринчи ўринни ҳамюртларимиз қўлга киритди. Шунингдек, Қозоғистон ва Қирғиз Республикаси вакиллари ҳам совринли ўринларга эга чиқди.
— Халқаро турнир бир қатор янги номларни кашф этмоқда, — дейди 67 кг вазн тоифасида баҳсларда қатнашган наманганлик Шермуҳаммад Шарибжонов. — Бундай беллашувларда эпчиллик ва маҳорат ўз сўзини айтади. Ғолибликка эришиб, устозларим, ота-онам ва ҳамшаҳарларим ишончини оқлаганимдан хурсандман.
Якунда ғолибликка эришган полвонларга олтин медаллар ва 15 миллион сўмдан пул мукофотлари топширилди. Ўз вазнида иккинчи бўлган спортчилар кумуш медаль ва 8 миллион, учинчи ўрин соҳиблари эса бронза медаль ҳамда 5 миллион сўм пул мукофотига эга бўлди.
Бугун эркин кураш бўйича баҳслар бўлиб ўтмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг