Наманганда ҳарбий хизматчилар учун янги турар жой фойдаланишга топширилди

10:26 13 Январь 2026 Жамият
341 0

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун муносиб яшаш шароитларини яратиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида изчил ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги арафасида Наманган вилояти Давлатобод туманининг Тадбиркор маҳалласида барпо этилган янги ҳарбий шаҳарчада дастлабки кўп қаватли турар-жой биносининг фойдаланишга топширилиши ана шу ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси бўлди.

96 та хонадондан иборат 16 қаватли мазкур иморатда 64 та икки хонали ва 32 та уч хонали шинам уй-жойлар жойлашган. Хонадонларнинг барчаси алоҳида иссиқлик қозонлари билан таъминланган бўлиб, бинода иккита лифт, автотураргоҳ ҳамда болалар ўйин майдончаси каби замонавий инфратузилма объектлари мавжуд.

Янги турар-жой тақдимоти муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда вилоятдаги давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Унда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов сўзга чиқиб, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ушбу шарафли айём билан самимий табриклади.

Таъкидланганидек, ҳарбий хизматчилар учун мўлжалланган мазкур шаҳарча Ватан посбонлари учун ҳақиқий ошёнга айланади. Яқин истиқболда бу ҳудудда яна бир қатор турар-жой бинолари барпо этилиши, шунингдек, ҳарбийлар ва уларнинг фарзандлари учун мактаб, болалар боғчаси, поликлиника ҳамда оила аъзоларини иш билан таъминлашга қаратилган турли инфратузилма объектларини қуриш режалаштирилган.

Тақдимот маросими якунида хизматда намуна кўрсатаётган ҳарбий хизматчиларга янги хонадонлар калитлари тантанали равишда топширилди. Турли ҳудудлардан ташриф буюрган ота-оналар ва яқинлар ушбу қувончли дақиқаларда иштирок этиб, фарзандлари бахтига шерик бўлдилар.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер