Наманганда адаптив спорт фестивали ўтказилди

12:32 06 Май 2025 Жамият
279 0

Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Алоҳида эҳтиёжли инсонлар учун тенг имкониятларни таъминлаш, инклюзив жамият барпо этишга қаратилган ислоҳотлар доирасидаги навбатдаги муҳим тадбир «Инсон учун — тенг имкониятлар учун» шиори остида ташкил этилди.

Ушбу фестивалда жисмоний имконияти чекланган юртдошларимиз спортнинг турли йўналишлари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этдилар. Тадбирда «Беш ташаббус паралимпиадаси»нинг шаҳар ва туман босқичларида ғолиб чиққан 364 нафар иқтидорли ёшлар ҳам иштирок этди. Улар ўз ҳаракатлари, иродаси ва шижоати билан томошабинларга катта таассурот қолдирдилар.

Адаптив спортнинг ўндан ортиқ турлари бўйича ўтказилган кўргазмали чиқишлар ва маҳорат дарслари фестивалнинг энг ёрқин жиҳатларидан бирига айланди. Кўзи ожиз шахматчилар билан соғлом иштирокчилар ўртасидаги инклюзив беллашувлар, парадзюдо, парабадминтон, пара камондан отиш, аравачада қиличбозлик, пара пауерлифтинг ва пара стол тенниси каби спорт йўналишларида ҳар бир иштирокчининг матонат ва интилишлари юксак баҳоланди.

— Кўзимнинг заиф кўришига қарамай, шашка билан мунтазам шуғулланаман, — дейди Наманган вилоятининг Поп туманида яшовчи Очилбой Саминов. — Турли мусобақаларда қатнашиб, бир неча бор ғолиб бўлганман. Бугунги фестивалда соғлом рақобатчиларни ҳам енгиб, инсон чиндан ҳам астойдил интилса, кўп нарсаларга эришиши мумкинлигини амалда исботладим.

Тадбир доирасида ўтказилган хайрия марафони ҳам бирдамлик ва тенглик руҳида ўтди. Ногиронлиги бор инсонлар старт чизиғидан маррагача бўлган масофани жамоавий руҳда босиб ўтдилар. Шунингдек, махсус меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда ногиронлиги бор фуқароларни ишга қабул қилаётган тадбиркорлар учун белгиланган имтиёз ва имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Фестиваль инсонийлик, ҳамдардлик ва тенг ҳуқуқли жамият сари ташланган яна бир муҳим қадам бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер