Наманганда 209 миллион сўм миқдоридаги алимент пули махсус жамғармадан тўлаб берилди
Фото: Халқ сўзи
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Наманган вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари иш юритувида бўлган алимент ундирувига оид 24 минг 305 та ҳужжат бўйича ўтган йили 104,3 миллиард сўм қарздорликлар ундирилди. Олиб борилган тушунтириш ишларидан сўнг 94 та ижро ҳужжати бўйича қарздорлар вояга етмаган фарзандлари учун 3,4 миллиард сўм маблағни олдиндан тўладилар.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 августдаги «Алимент тўловлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори талабларига мувофиқ, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган шахслар томонидан етказилган зарар жамғарма ҳисобидан қоплаб берилаётганини ҳам таъкидлаш зарур. Хусусан, Наманган вилояти бўйича 8 та ҳолатда қарздор алимент тўловларини тўламаслик оқибатида етказилган 209 миллион сўм зарар ушбу жамғарма орқали ҳисоб-китоб қилинди.
— Мисол учун, Муҳаммаджон Абдуллаев икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўловларини тўламаганлиги боис дастлаб маъмурий жазога, ундан сўнг ҳам хулоса қилмагани учун жиноят ишлари бўйича Тўрақўрғон туман суди ҳукмига асосан Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, жиноят оқибатида етказилган 45,9 миллион сўм миқдордаги зарарни ундириш белгиланган эди, — дейди МИБ Наманган вилоят бошқармаси катта инспектори Соҳибжон Рапиқов. — Айнан янги ташкил этилган жамғарма ҳисобидан алимент тўлови ундирувчи номига очилган пластик картага ўтказиб берилди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг