Наманган вилоятида ижтимоий масалаларни ҳал этиш юзасидан ўрганишлар олиб борилди
Жорий йилнинг 13–14 апрель кунлари Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзолари томонидан Наманган вилоятининг қатор туманларида ижтимоий муаммоларни ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Мазкур ўрганишлар «Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон ижроси доирасида ташкил этилди.
Комиссия аъзоси сенатор Одилжон Маматкаримов ҳамда ҳудудий жамоат фонди ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Янгиқўрғон, Чортоқ, Уйчи, Учқўрғон ва Норин туманларида ўрганишлар олиб борилиб, ҳудудлардаги мавжуд муаммолар, аҳолини қийнаётган долзарб масалалар ҳамда ижтимоий соҳадаги камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди.
Ўрганишлар давомида аниқланган муаммоларни тизимли ҳал этиш, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда самарали лойиҳаларни давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалари орқали молиялаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш каби устувор йўналишлар юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.
Ўрганишлар якунлари бўйича ҳудудлардаги реал эҳтиёжлардан келиб чиқиб, ижтимоий аҳамияти юқори бўлган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, уларни давлат грантлари асосида молиялаштириш ҳамда амалиётга жорий этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилиши белгиланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг