Наманган шифохоналарига хориждан энг замонавий тиббий жиҳозлар келтирилди

10:24 26 Март 2026 Жамият
66 0

Диагностика ва даволаш ишларини юқори босқичга кўтаришда соҳага илғор технологияни жорий этиш, замонавий тиббий воситалардан самарали фойдаланишнинг аҳамияти катта. Наманганда ҳам масаланинг айни жиҳатига доимий эътибор қаратилмоқда. Куни кеча вилоятдаги даволаш муассасаларига «Корея экспорт-импорт банки» билан ҳамкорлик доирасида тиббий техникалар янги туркумининг топширилиши бу борадаги навбатдаги қадам бўлди.

— Шифохоналаримиз умумий қиймати 2 миллиард 349 миллион сўмдан ортиқ бўлган 25 турдаги, жами 38 та замонавий тиббий жиҳозлар билан тўлдирилди, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Дилмурод Қодиров. — Улар орасида рақамли рентген аппарати, наркоз бериш воситалари, видеокольпоскоп, аудиометр, Лор комбайн, плазмали стерилизатор ва кардиомонитор сингари охирги нусхадаги энг такомиллашган воситалар бор. Табиийки, бу техникалар беморларга аниқ ташхис қўйиш ва муолажаларни тўғри йўлга қўйишда мутахассисларимизнинг имкониятларини янада кенгайтиради.

Маълумот учун айтиш керакки, банк ҳамкорлигида 33 миллиард сўмликка яқин бундай замонавий тиббий аппаратура ва жиҳозлар вилоятдаги 14 та тиббиёт бирлашмасининг барчасига етказиб берилди. Уларнинг ишга солиниши тиббий хизмат самарадорлигини янги босқичга кўтаради.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер