Наманган–Кошалин: ҳамкорлик сари қадам
Польша Республикасининг Кошалин шаҳри ҳокими Томаш Соберай бошчилигидаги делегация ишчи ташриф билан Наманганга келди.
Болтиқ денгизи яқинида, Польшанинг шимоли-ғарбида жойлашган Кошалин 800 йилликдан зиёд тарихи, маданияти билан бир қаторда замонавий индустрияси, географик жойлашуви, денгизга яқин туристик ҳудуд, саноат ва таълим маркази сифатида мамлакатнинг салоҳиятли шаҳарларидан бири ҳисобланади. Шаҳарда ёғочни қайта ишлаш, мебель ишлаб чиқариш, озиқ-овқат, машинасозлик саноатлари ривожланган.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълумотларига кўра, Томаш Соберай ва Наманган вилояти ҳокими Ш. Абдураззоқовнинг самимий руҳда бўлиб ўтган мулоқотларида Наманган ва Кошалин шаҳарларининг иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳаёти ҳақида ўзаро маълумотлар берилиб, икки шаҳар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Меҳмонлар Наманганда ўтказиб келинаётган халқаро «Гуллар фестивали», вилоятнинг иқтисодий ва туризм салоҳияти ва бошқа ўзига хос меҳмондўстлик анъаналаридан намойиш этилган видеолавҳалар орқали вилоят ҳақида катта таассуротга эга бўлдилар ва ҳозирда тараддуд қизғин кетаётган 65-халқаро «Гуллар фестивали» сайёҳлар билан келиш истагини билдирдилар.
— Наманганда, айниқса, саноат ва туризм соҳалари жадал ривожланиб бораётгани диққатга сазовор, — дейди Томаш Соберай. — Айрим корхоналар фаолияти билан танишиш асносида Ўзбекистонда тадбиркорлик, хорижий инвесторлар билан ишлаш, қулай бизнес муҳити яратилишига катта эътибор қаратилаётганлигига ишонч ҳосил қилдик. Биз кичик ва ўрта бизнес вакилларимиз билан Наманганга ҳамда соҳил ҳудудларига бизнес миссия ташкил этишни режалаштирмоқдамиз. Металлургия, шиша ишлаб чиқариш ва дон маҳсулотлари, тиббиёт йўналишларида ҳамкорлик қилиш истагимиз бор.
Чуст туманида бўлган польшалик меҳмонлар эътиборини бу ҳудудда асрлар мобайнида авлоддан-авлодга ўтиб, бугунги кунда замонавий руҳда янада ривожланиб бораётган миллий ҳунармандчилик анъаналари ўзига жалб қилди. Шунингдек, меҳмонлар тумандаги «Megaton», «Ifoda» ҳамда «Chust Textile» сингари бир қатор саноат корхоналарида амалга оширилаётган ишлар, ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда эришилаётган натижалар билан яқиндан танишиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан музокаралар олиб бордилар.
Акрамжон Сатторов, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг