Наманган давлат университети ректори талаба-ёшлар билан учрашди
Фото: “Халқ сўзи”
Университет ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Собитхон Турғуновнинг “Ректор ва ёшлар учрашуви” доирасидаги мулоқоти завқли ва мазмунли кечди.
Тадбир аввалида ректор барчани университет ёшлари эришган навбатдаги ғалаба — Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган интеллектуал олимпиада доирасидаги “Брейн ринг” ҳамда “Эрудит квартет” ўйинларида НамДУ вакиллари ярим финалга йўлланмани қўлга киритгани билан табриклади.
Учрашувда поёнига етиб бораётган 2023 йил давомида ОТМ фаолиятида эришилган ютуқлар атрофлича эътироф этилди. Булар орасида энг қувонарлиси, Наманган давлат университетининг халқаро рейтинглардаги дастлабки ютуқларидан бири — Greenmetric халқаро рейтингида 2023 йил 5 декабрда эълон қилинган “UI Green Metric World University Ranking-2024» натижаларига кўра 790-ўринни, республикамиздаги олий таълим муассасалари ўртасида эса ижобий кўрсаткичлар бўйича 18-ўринни эгаллаганидир. Бу ҳақдаги сертификат университет жамоаси учун чинакам байрам туҳфаси бўлди.

Дарҳақиқат, университетда ёшлар билан мулоқот қилиш, талабаларни қўллаб-қувватлаш доимий анъанага айланган. Ректор раҳбарият талабаларнинг ташаббуслари ва таклифларини амалга татбиқ этишга доимо тайёр эканлигини таъкидлаб, барчани талабаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништирди.
Шуни алоҳида айтиб ўтиш ўринлики, келгуси йилда битказиладиган замонавий янги ўқув биноси, бунёд этилаётган 400 ўринли талабалар турар жойининг фойдаланишга топширилиши таълим имкониятларини янада кенгайтиради.

Мулоқотда сўзга чиққан талаба-ёшлар томонидан кўплаб таклифлар ўртага ташланди. Улар орасида ёшларнинг чет тилларини янада чуқурроқ ўрганишлари учун ўқув курсларини ташкил этиш, соҳалар бўйича ривожланган хорижий ОТМлардан кучли мутахассисларни жалб қилиш, талабаларга ҳуқуқий кўмак бериш мақсадида марказ, шунингдек, университетда экобоғ ташкил қилиш ҳақидаги масалалар барчага манзур бўлди.
— Янги ўқув йилидан журналистика йўналишининг очилиши соҳага қизиқадиган ёшлар учун айни муддао бўлди, — дейди биринчи босқич талабаси Давронбек Дўстмуродов. — Бугунги учрашувда ректоримизга бўлимимиз учун замонавий студия очиб бериш бўйича таклиф киритдик. Бунга жавобан келгуси йили энг замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган студия очилишини, унда мукаммал овоз ёзиш қурилмалари ҳам бўлиши, мусиқага қизиқадиган талабалар учун асбоб-анжомлар ҳам келтирилишини эшитиб бошимиз осмонга етди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг