Музработлик ўқитувчи 2 минг доллар маош олади

11:16 10 Октябр 2024 Жамият
666 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Таълим тизимидаги ислоҳотлар самараси мамлакат бўйлаб бўй кўрсатмоқда. Буни Сурхондарё вилоятидаги умумтаълим мактаблари фаолиятида ҳам кўриш мумкин. Ўқитувчиларнинг сифатли таълим бериши учун барча имконият ишга солинмоқда. Электрон воситалардан тортиб, янги авлод дарсликларигача олис ва чекка ҳудудлардаги мактабларга ҳам етказилган. Яратиб берилаётган бу каби шароитлар ўқитувчиларнинг ҳам, ўқувчиларнинг ҳам ўргатиш ва ўрганиш жараёнларини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқмоқда.

— Касбим ортидан ҳурмат қозондим, элда азиз бўлдим, — дейди Музработ туманидаги 55-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт ўқитувчиси Муборак Султонова. — Муаллимлик ҳаётимнинг бир бўлагига айланган, 25 йиллик фаолиятим давомида, айниқса, бугунги кундагидек рағбатни кўрмаганман. Давлатимиз раҳбари томонидан биз, ўқитувчиларга яратиб бераётган имконият, шарт-шароитлар, кўрсатаётган алоҳида эътибор боис ишимизга бўлган меҳримиз, масъулиятимиз янада ортмоқда. Бу йил ўқувчиларимизнинг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичи 80 фоизни ташкил этди. 20 фоиз битирувчиларимиз ўрта махсус таълим муассасаларида ўқишни давом эттирмоқда. Умуман олганда, битирувчилар юз фоиз таълимга қамраб олинди. Бу ўз ўзидан бўлмаяпти, албатта. Яратилган шароит, ўқитувчиларнинг ўз касбига масъулияти ортидан эришиляпти. Мен бугун республикамизда 1 минг АҚШ доллари миқдорида маош олаётган ўқитувчилардан бири эканимдан фахрланаман.

2020 йилнинг ноябрь ойида Президентимиз ўқитувчилар ва шифокорлар билан бўлиб ўтган учрашувда уларнинг маошларини ошириш режасини маълум қилган эди. Ўшанда нафақат муаллимлар, балки бутун жамият ишончи комиллигидан хурсанд бўлди. Чунки яқин ўтмишда нималардир юз бердики, ўқитувчи жамиятнинг пастки қатлами вакилларига айланиб қолди. Ҳурмати йўқолиб, обрўси пасайди, даромади етарли бўлмади. Уларга катта-кичик мансабдорларнинг барчаси буйруқ берадиган ва ҳатто кўча тозалашгача мажбур қила оладиган бўлди. Энг ачинарлиси, пахта далаларининг энг олд қаторида ҳам ўқитувчилар эди. Бундай салбий ҳолатларнинг барчаси бирин-кетин бартараф этилди.

Бугунги кунда ўқитувчиларга маҳорати ва эришган ютуқларига қараб тўланадиган устамалар сони 3 тадан 17 тага оширилгани боис ўқитувчилар учун 1 минг АҚШ доллари миқдорида маош реал ҳодисага айланди. Ўз устида астойдил ишлаган, халқаро стандартлар асосида малака сертификатини олган ўқитувчилар ҳатто ундан ҳам кўп маош олмоқда.

Бунга бир мисол, Музработ туманидаги 7-умумтаълим мактабининг олий тоифали рус тили ўқитувчиси Мирсодиқ Туропов бугун 2 минг АҚШ доллари миқдорида маош олаётган маҳоратли ёш муаллимлардан. У тил билиш даражаси бўйича халқаро сертификатга эга, вазир жамғармаси устамаси соҳиби ҳам. Ўз касбидан қадр топган муаллим, ўқувчиларнинг севимли устози 13 йиллик иш тажрибаси давомида жамоасининг ҳам меҳрини қозонган.

— Ўқитувчиларга яратилаётган имкониятлардан тўлалигича фойдаланишга интилдим, — дейди Мирсодиқ Туропов. — Ўз устимда тинимсиз ишладим, изландим. Бугун мақсадимга эришдим. Айни пайтда 2 минг АҚШ доллари миқдорида ойлик оляпман. Ишонмайдиганлар ҳам бўлиши мумкин, ана шундайларга бажонидил пластик картам тарихини кўрсатаман. Ўқитувчиларнинг бундай натижага эришиши осонлик билан бўлмаяпти, албатта. Бу Президентимизнинг одилона сиёсати, миллатпарварлиги, ўтган етти йил мобайнидаги тинимсиз саъй-ҳаракатининг маҳсулидир. Давлатимиз раҳбарининг таълим-тарбия соҳаси вакиллари билан мулоқотида ўтган қисқа вақтда бу борада эришилган ютуқлар, забт этилган марралар яна бир карра аниқ далиллар билан асосланди. Галдаги ташаббуслар эса, ҳеч шубҳасиз, Янги Ўзбекистонда таълимга, хусусан, ўқитувчи касбига жуда катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётганнинг ёрқин ифодаси бўлди. Бу эса мени янада шижоатлантирди. Мақсадларимни янада йириклаштирди. Бу билан тўхтаб қолмайман. Ҳар йили мамлакат бўйлаб ўтказилиши мақсад қилинган «Йил ўқитувчиси» танловида ғолиб чиқиб, уч хонали уй соҳиби бўлишни ният қилдим.

Бугун Сурхондарёда шижоатли, билим салоҳияти юқори, мақсадлари улкан педагоглар талайгина. Улар ўз масъулиятларини чуқур англаган ҳолда шарафли касбларидан мамнун фаолият юритмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер