Мужмал қоидалардан буткул воз кечилмоқда — Қонун лойиҳаси
Бугун, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида» қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Муҳокамада адлия вазири Р. Давлетов сўзга чиқиб, қонун лойиҳаси бўйича киритилаётган муҳим ўзгартиришлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланишича, қонун лойиҳаси ер участкалари эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга йўналтирилган бўлиб, жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига ер участкаларини олиб қўйиш масалалари бўйича тўғридан-тўғри амал қиладиган яхлит қонун бўлади.
Қонун лойиҳасида фақат «жамоат эҳтиёжлари» ибораси қўлланилиб, «давлат ва жамоат эҳтиёжлари» тушунчасидан воз кечилмоқда.
Ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкин бўлган аниқ ҳолатларнинг тугал рўйхати келтирилиб, «бошқа ҳолатлар» каби мужмал қоидалардан буткул воз кечилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда қуйидаги масалалар аниқ ечимини топади:
- компенсация берилишининг аниқ қоидалари ўрнатилади;
- компенсация сифатида бошқа турар жой берилганда ижтимоий нормани ҳисоблаш қоидалари белгиланади;
- битта маҳалла ёки кўчада яшовчи ҳуқуқ эгалари ва уларнинг оила аъзоларига қулай шарт-шароитлар яратиш ва маданий қадриятларини сақлаб қолиш мақсадида, ҳуқуқ эгаларининг хоҳишига кўра битта маҳалла ёки кўчада жойлашган янги уйлар (битта кўп қаватли уйдаги квартиралар) берилиши мумкинлиги назарда тутилади;
- компенсация ўз вақтида ва тўлиқ берилишининг доимий мониторинги Кўчмас мулк объектлари Давлат реестри ягона электрон ахборот тизими орқали амалга оширилиши кўзда тутилади.
Бундан ташқари, Қонун лойиҳаси билан кўчмас мулкни бузиб ташлаш ҳақидаги қарорни қабул қилиш тартиби ўзгаряпти, унга кўра бу каби қарор ҳокимлар томонидан эмас Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан қабул қилинади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг