Мустақиллик майдонида бир дарахт бор

15:21 10 Май 2018 Жамият
4361 0
Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи".

Мактабни битириб, ҳужжатларимни институтга топшириш учун Тошкентга келишимда туман марказига ҳам чиқмаган онам менга ҳамроҳ бўлдилар. Тўғри шаҳар марказига – ҳозирги Мустақиллик майдонига келиб, онамни юкларим билан бир дарахт остидаги ўриндиққа жойлаштирдим-да, ўзим ҳужжат топшириш учун институтни излаб кетдим.
Кун бўйи навбатда туриб, ҳужжатларимни топширгач, изимга қайтдим. Вақт аллақачон кеч бўлиб қолган эди. Онажоним йўлимга кўз тикиб, хавотирланиб ўтирган эканлар. 

— Ишинг битдими, қизим? — деб сўрадилар юз-кўзларида ҳориганлик аломатлари сезилиб турган бўлса-да, ўзларини тетик тутишга уриниб.
 Ҳужжатларимни топширганимни эшитиб, мен ўқишга киргандек суюниб кетдилар. Ўша йили омадим келиб, ўқишга қабул қилиндим, талаба бўлдим — бунга ўшанда дарахт остида мени кутиб ўтирган онажонимнинг қайта-қайта қилган дуолари сабаб бўлган эди, деб ўйлайман.

Онажоним Ҳалима ая исмлари жисмларига мос — мулойим, мунис, мушфиқ, камтар ва меҳрда беназир инсон эди. Ўзбек аёлининг ҳақиқий тимсоли эди, десам ҳеч қачон ёлғон бўлмайди.

Йўлим тушиб, ҳар гал Мустақиллик майдонига борганимда, онамни биринчи марта Тошкентга олиб келиб, соатлаб кутишга мажбур қилган жой —  ўша дарахт томон қарайверар эдим. Худди онажоним мени ҳамон кутиб турганларидек туюлаверарди, юрак-бағрим эзилаверарди. 

1999 йили бу ерда Хотира майдони ва Мотамсаро она ҳайкали бунёд этилди. Мажмуанинг очилиш маросимига бориб, ҳайратланиб қолдим. Мажмуа худди ўша дарахт турган жойда барпо этилганди. Она ҳайкалини кўрганимда, вужудимни яна қаттиқ ҳаяжон қоплаб олди — қаршимда онажоним турарди...
Доим мусофирчиликда юрадиган қизининг, ўғилларининг йўлларига кўз тикиб ўтирадиган дуогўй онажоним...
Ҳаяжонга тушган бир мен эмасдим. 
“Худди онамга ўхшар экан”...
“Худди момомга ўхшар экан”... 
Бундай сўзларни айтиб, кўз ёшларини тиёлмаганлар кўп эди. Шунда бир нарсага амин бўлдим — ҳамма оналар бир-бирига ўхшар экан. Меҳрибонлиги, беминнат меҳри билан. Доим фарзандининг йўлига кўз тикиши, доим кутиши билан... 

Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минг-минглаб юртдошларимизнинг, бедарак кетган, майиб-мажруҳ бўлиб қайтган ўзбекистонлик ўғлонларнинг ҳам, умуман, ҳаммамизнинг оналаримиз бир-бирига жуда ўхшайди — Хотира майдонида буни янаям теранроқ ҳис этиш мумкин. 

Ўша машъум урушнинг биринчи кунлариданоқ кўнгилли бўлиб кетган юртдошларимиз орасида бобом – Акром Салоҳиддинов ҳам бўлган. Ҳали чимилдиғи йиғилмай, 22 кунлик келинчагини ташлаб кетган бобом уч йил отлиқ аскарлар командири бўлиб жанг қилган. Аммо машъум урушнинг учинчи йили Курск остонасида бўлган жангларда ҳалок бўлган. Эсимда, Акром бобомнинг акаси – Ҳотамбой бобом укасининг ўзга элларда қолиб кетганидан, бирор жойда қабри йўқлигидан ўкинарди.

Хотира майдони ташкил этилгач, у ердаги “Хотира китоби”да укасининг номи борлигини эшитиб, саксондан ошган бобом укаси билан ҳозироқ дийдорлашадигандек Тошкентга ошиқди. Номлари абадийлаштирилган юртдошларимиз қаторида укасининг номини кўриб, жигарини ҳозиргина йўқотиб қўйгандек йиғлаганди. Бундай хайрли, савобли ишга бош қўшганларни чин дилдан дуо қилди. Бугун укасининг қабри – Хотира майдонига келиб кўз ёш тўккан бобом ҳам, мана шу майдондаги бир дарахт тагида, нафақат дарахт тагида, балки ҳар доим йўлларимга кўз тиккан онажоним, Иккинчи жаҳон урушида қон кечиб жанг қилган минглаб ўзбек ўғлонларининг хотиралари биз учун муқаддас, ҳеч қачон унутилмайди. 
Мустақиллик майдонида бир дарахт бор, бу — Хотира, Эзгулик, Мангулик дарахтидир!
Ҳулкар ҲОТАМБОЕВА.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер