Муҳими - муаммо ечими
Президентимизнинг халқимиз биздан рози бўлса, биз мақсадимизга етган бўламиз, деган давлатлари бугунги кунда мамлакатимиз миқёсида кун тартибида масалага айланганлигини барчамиз кўриб билиб турибмиз. Юртбошимиз айтганидек, давлат идоралари бугунги кунда халқимизнинг турмиш шароитини янада яхшилаш, мавжуд муаммоларини бартараф этиш, хонадонма хонадон юриб фуқароларнинг оилавий аҳволи ижтимоий муаммолари маҳалла, қишлоқ, гузарлардаги ободончилик даражасини синчковлик билан кўздан кечиришмоқда. Дарҳақиқат, республикамиздаги барча идоралар, ташкилотлар юқоридаги ҳаётий шиорнинг ижросини таъминлаш мақсадида астойдил ҳаракат қилишмоқда.
Буни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари А.Усмонов томонидан Музработ туманида ўтказилган сайёр қабул мисолида ҳам кўриш мумкин эди. Туман марказидаги дам олиш ва истироҳат боғида бўлган сайёр қабулда 172 нафар фуқародан 212 та мурожаат келиб тушди. Шуни айтиш лозимки энг кўп мурожаат суд ҳуқуқ, уй-жой, ер ажратиш, соғлиқни сақлаш, аҳоли бандлигига доир бўлди.
Сайёр қабулда 78 та муаммо жойида ҳал этилди. Бошқача айтганда мурожаатларининг 41 фоизи ижобий бартараф этилди. Мисол учун тумандаги “Янги диёр” маҳалласида яшовчи фуқаро Наргиза Нурмуҳаммедова, “Янгидиёр” маҳалласидан Гулчеҳра Бобоназароваларга даволаниш учун ордер ажратилиб шу куннинг ўзида шифохонага юборилди. “Бодомзор” маҳалласидан Абдумурод Одинаевнинг ички йўлларини ва кўприкни таъмирлаш борасидаги мурожаати юзасидан туман хокими топшириғига кўра йўлларга тош тўкиш кўприкни таъминлаш ишлари зудлик билан бошлаб юборилди.
Тумандаги “Наврўз” маҳалласидан Ойзода Азимова набираси Динара Исматовани Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида бўладиган халқаро мусобақада иштирок этиш учун ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳам шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Динара тумандаги 14 мактабнинг 4-синфида ўқийди. Таэквондо бўйича бир қатор республика ва халқаро мусобақалар ғолиби. Отаси ва бобоси авто ҳалокат туфайли вафот этишган. Бу чемпион қизимиз 15 майда бўладиган халқаро мусобақада иштирок этиб юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган бўлди. Ҳомийликни эса “Музработ бунёдкори” МЧЖ жамоаси ўз зиммасига олди. Шунингдек Қурбонсоат Жабборовнинг Р-6 каналининг 3 километри ағанаб К-5 каналига тушганлиги натижада 2 йилдан буён 358 хонадон соҳиблари шахсий томорқаларини сувлашда қийналишаётгани, 350 гектар пахта майдони шўр сув билан суғорилаётганлигидан шикоят қилди. Бу масалага ҳам тегишли маблағ ажратилиб, “Аму Сурхон ирригация” тизимлари ҳавза бошқармаси ва “Сурхандарёсувқурулишинвест” ДУК томонидан бартараф этиладиган бўлди.
Қабулда тадбиркорлар Абдуқодир Ҳамдамов, Ойбаргун Мўминова, Чори Сафарқулов, Хасан Бойқобуловлар туман деҳқон бозори ёнидаги дўконлари бузилиши ҳақида огоҳлантириш олганликларини айтиб шикоят қилишди. Бу борада агар бозорни қайта қуриш ва кенгайтириш мақсадида йўл ёқасидаги савдо дўконлари бузилса уларга ер ажратилиши, имтиёзли кредит ёки дўкон берилиши ваъда қилинди. Бу масалани ижобий ҳал этиш туман хокими ўринбосари Аҳмад Йўлдошевга юклатилди.
Фуқаро Шарифжон Чоршанбиев тумандаги “Орият” маҳалласида яшаётган 500 хонадон соҳиблари ёпиқ дренаж ишламаётганлиги сабабли ер ости сизот сувлари яқинлашгани томорқалар шўрлаб кетаётгандан азият чекишмоқда деди. Бу муаммо ҳам тегишли ташкилот зиммасига юкланиб маълум муддат белгиланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сайёр қабулга келган фуқаролар муаммолари ижобат топганлиги ёки қатъий назоратга олинганлиги туфайли хурсанд бўлишди. Қабул давомида 10 та мурожаатга асосли ҳуқуқий жавоб берилган бўлса, 115 тасига муддат белгиланиб назоратга олинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг