Муҳим масалалар муҳокама этилди

11:05 11 Ноябрь 2019 Жамият
965 0

Иллюстратив фото

Халқаро Матбуот маркази Тошкент вилояти бўлимида жорий йилнинг 22 декабрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловлар жараёнини ОАВда тарғиб қилувчи журналистлар аккредитациядан ўтказилди.

Йиғилишда “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар!” шиори остида ўтказиладиган ушбу муҳим сиёсий тадбирни ОАВда ҳар томонлама пухта, тезкор ва ҳаққоний ёритиш масалаларига жиддий эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорига асосан 20 октябрдан 20 ноябрга қадар ўтказилаётган “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги”да вилоят журналистларининг фаоллигини кучайтириш лозимлиги уқтирилди.

Вилоятдаги барча туман ва шаҳарлардаги мавжуд ташкилот ва корхоналар жамоаларида, таълим муассасаларида, маҳаллаларда, шунингдек аҳоли гавжум бўлган барча масканларда Сайлов кодекси мазмун-моҳиятини, ушбу сайловларнинг мамлакатимиз сиёсий салоҳиятини юксалтиришда тутган ўрнини тарғиб қилишда амалдаги қонунчиликка қатъий итоат этиш лозимлиги таъкидланди. Бу борада вилоятдаги мавжуд босма ва электрон оммавий ахборот воситалари журналистлари, блогерлар, шунингдек, ҳудудий ҳокимликлар, корхона ва ташкилотлар ахборот хизматлари ходимларнинг иштироки алоҳида аҳамият касб этишига эътибор қаратилди.

Тадбир якунида вилоят сайлов комиссиясига аккредитациядан ўтиш учун мурожаат қилган ОАВ вакилларининг 48 нафарига гувоҳномалар топширилди.

Шу куни Тошкентвилояти ҳокимлиги биносида “Куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича коммунал соҳада олиб борилаётган ишлар: муаммо, ечим, истиқбол” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда, вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, коммунал соҳа раҳбарлари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Вилоят ҳудудидаги маҳалла ва кўчаларни, кўп қаватли турар-жой биноларни мавсумга тайёргарлиги қай аҳволда эканлиги ошкора таҳлил ва суҳбатлар жараёнида кўриб чиқилди. Мавжуд камчиликларни тезда бартараф этиш юзасидан тегишли ҳокимлик ва ташкилотлар раҳбарларига кўрсатмалар берилди.

Аҳолини газ, электр энергияси ва ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш борасидаги камчиликларни тезда бартараф этиш лозимлиги таъкидланди.

Шодиёр Мутаҳаров,
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер