Мудофаа вазири томорқачига совға топширди
“Томорқасини гулдек яшнатиб қўйибди”, дейилган паллада Шофиркон туманидаги қадимий Вардонзе қишлоғида яшовчилар дарҳол пайқашади: гап ҳамқишлоқлари Раҳим Раҳмонов ҳақида бормоқда.
Раҳим ака 8 сотихли томорқасини чиндан ҳам хазинага айлантирган. Бу ерда етиштирилаётган помидор, бодринг, пиёз, картошка, резавор кўкатларнинг оила эҳтиёжидан ортиқчаси бозорга чиқариляпти. Чоғроқ боғ ҳам барпо этган. Томорқа эгаси қишда ҳам ердан унумли фойдаланиб, уруғлик ва ниҳолчилик билан шуғулланади. Ишни шу тариқа олиб бориш эвазига бу оила томорқанинг ўзидан кейинги олти ойда 25 миллион сўм миқдорида қўшимча даромад кўрди. Шофиркон туман ҳокимлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, Раҳим ака етти хазинанинг бири саналган асаларичиликка ҳам меҳр қўйган.21 қути асалари парвариш қилмоқда.Ўтган йили 700 килограммдан зиёдроқ асал етиштирди.
Бу инсоннинг тиниб – тинчимаслигини кўриб, “Агар ҳовлисида томорқаси бор ҳар бир киши ерга Раҳим акадек меҳр қўйганида тил луғатимиздан “камбағал”, деган сўз аллақачон ўчиб кетган бўлармиди”, деган ўйга борасан, киши.
Айтмоқчи, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида эълон қилинган карантин муносабати билан вилоятда амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар билан танишаётган мамлакат Мудофаа вазири Б. Қурбонов яқинда Раҳим аканинг ҳам ҳовлисида бўлди. Оиланинг томорқадан фойдаланиш борасидаги тажрибаси ўрганишга арзигулик эканига эътиборни қаратган вазир хонадон соҳибига эсдалик сифатида соат совға қилди.
Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг