“Ёшлар куни” муносабати билан 30 ёшгача бўлган барча ҳарбий хизматчилар рағбатлантирилди

11:49 30 Июнь 2018 Жамият
6906 0
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов ўз хизмат мажбуриятларини намунали бажариб келаётган Мудофаа вазирлиги қўшинларидаги 30 ёшгача бўлган муддатли ҳарбий хизматчилар ва курсантларга 30 июнь – “Ёшлар куни” муносабати билан “Миннатдорчилик” эълон қилиш тўғрисидаги буйруқни имзолади.

Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

Буйруққа биноан Мудофаа вазирлиги қўшинларида шартнома асосида ҳарбий хизматни ўтаётган 30 ёшгача бўлган офицерлар, сержантлар ва оддий аскарлар таркибидан бўлган ҳарбий хизматчилар пул мукофоти билан тақдирланади.

Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм ва муассасаларда 30 июнь – “Ёшлар куни” муносабати билан “Ёшлар – Ўзбекистон келажаги” шиори остида ҳамда ёш ҳарбий хизматчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларининг фаол иштирокида турли маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари, танлов ва мусобақалар, ёшлар сайли ва акциялари, экскурсия ва маданий тадбирлар ташкил этилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 25 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ мамлакатимизда 30 июнь – “Ёшлар куни” этиб белгиланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер