Муаммолар энди ўтмишда қолади

19:05 23 Январь 2022 Жамият
739 0

Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишда мутасаддиларга инфратузилмаси ва ижтимоий аҳволи оғир бўлган 1071 та аҳоли пунктини ободонлаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилган эди. Жумладан, 294 та мактабгача таълим муассасаси, 457 та мактаб, 325 та тиббиёт муассасаси, 58 та қишлоқ маданият уйини қуриш ва капитал таъмирлаш, 6,5 минг километрга асфальт ётқизиш, 109 минг дона темир-бетон электр узатиш линиялари таянч устунларини ўрнатиш шулар жумласидан.

Юқоридаги вазифалар ижросини таъминлаш ва муаммоларни комплекс ҳал етиш мақсадида Президент Халқ қабулхоналари, вазирлик ҳамда идоралар раҳбарларидан иборат республика ишчи гуруҳи тузилди.

Тошкент вилоятининг энг чекка ҳудудида жойлашган Бўка туманининг Бўка маҳалласи ана шундай кенг кўламли дастурни амалга оширишнинг биринчи манзили бўлди.

Иш йўлларни таъмирлашдан бошланди. Бўка аҳолисининг айтишича, бу масала йиллар давомида эътибордан четда қолган. Ёзда чанг, қишда лой кўчалар кўпчиликни қийнаб келган. Қишлоқ жойларда йўлларни текислаш шунчаки шағал-қум тўшаш эмас, балки бу ерда махсус технологик усуллар татбиқ этилди.

Бўка маҳалласининг обод этилиши натижасида нафақат ҳудуд қиёфаси, балки қишлоқ аҳолисининг ҳаёти ҳам ўзгармоқда, бунга сабаб қилиб 12,5 километрлик таъмирсиз йўллар таъмирланишини айтиш мумкин. Эндиликда мактаб, болалар боғчаси ёхуд сайр қилиш ҳамюртларимизга ҳақиқий маънода завқ бағишлайди. Аҳоли ҳам бу ишларга бефарқ эмас.

Бўка қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ҳудуд бўлгани сабабли бу ерда коллекторлар, умуман, суғориш ва дренаж тизимининг соз ҳолатда ишлаши муҳим аҳамиятга эга. Бироқ 30 йил давомида эътиборсизлик туфайли ушбу инфратузилма яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Ободонлаштириш ишлари давомида коллекторлар тўлиқ тартибга келтирилди. Фермерларнинг фикрига кўра, талаб даражасидаги коллекторлар ҳосил хирмонига ижобий таъсир қилади.

Яқин вақтгача мазкур қишлоқ аҳолиси ичимлик суви ташиб ичарди. Бу оғриқли масала ҳам тез орада ҳал бўлади. Қувур ётқизиш ишлари жадал суръатларда олиб бориляпти. Обиҳаёт ҳар бир хонадонга кириб боради.

Маҳаллада электр тармоқлари тўлиқ алмаштирилди. Янги темир-бетон устунлари, замонавий трансформаторлар ўрнатиляпти. Демак, электр таъминотидаги узилишлар муаммоси энди ўтмишда қолади. Бу одамларнинг турмуш фаровонлигига асос бўлади.

Айни пайтда ҳудудларда бошланган ободонлаштириш ишлари қизғин давом этмоқда.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер