Муаммолар босқичма-босқич ҳал этилмоқда
Алихан Утарбеков - “Халқ сўзи”
Яшнобод тумани ўз географик жойлашуви жиҳатидан Тошкент шаҳрининг каттагина майдонини эгаллайди. Бу ерда ишлаб чиқариш корхоналари, юзлаб тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа тармоқлари фаолият кўрсатмоқда.
Туман 2-сектори ҳудудидаги маҳаллалар вакиллари, фаоллар, тадбиркорлар билан суҳбатлашдик. Бу маҳаллаларда ободонлаштириш, хотин-қизлар ҳамда ёшларни иш билан таъминлаш масалаларига жиддий эътибор қаратилаётганга гувоҳ бўлдик.
Туман прокурори Олимжон Азимов раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар натижасида аҳолининг ташвишу муаммолари ижобий ҳал этилаётир. Сектордаги хатловда аниқланган салкам 8 минг нафар ёшларнинг 458 нафари “ёшлар дафтари“га киритилган.
— Тоифалар бўйича таҳлил қилинганда, 265 нафар ёш ишсиз, 134 нафари тадбиркорлик билан шуғулланишни хоҳлаши, 37 нафарининг ногиронлиги борлиги, 12 нафари эса уй-жойга муҳтож, 7 нафари чет элда ишлаш истагида эканлиги, 3 нафари касб-ҳунарга ўқишни ният қилгани маълум бўлди, — дейди туман прокурори ўринбосари Сайёдбек Джумабоев. — Сектор аъзоларининг тезкор ҳаракатлари натижасида 219 нафар ишсиз ёш корхона ва ташкилотларга қабул қилинди. 141 нафар ёшлар касб-ҳунар ўрганишга йўналтирилди.

“1+1” лойиҳаси доирасида амалга оширилган тадбирлар ҳам самарали натижалар бермоқда. Тадбиркорлик илинжида юрган 26 нафар ёш халқимизнинг “устоз — шогирд” анъанасига кўра, бу борада тегишли тажриба ва билимга эга бўлишлари учун ишбилармонларга бириктирилди. Ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги 29 нафар ёшларга эса, 2 млрд. 434,9 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.
Сектордаги амалий ишлар натижасида ногиронлиги бўлган 37 нафар ёшга тиббий хизматлар кўрсатилди. Уларнинг 22 нафарига даволаниш учун йўлланмалар берилди. Чет элда ишлаш истаги билан 2-секторга мурожаат қилганларга хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш учун кўмаклашилди. Шунингдек, уй-жойга муҳтож 19 нафар ёшга амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан туман ҳокими номига тавсия хати киритилди.
Маҳаллада “аёллар дафтари” бўйича ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Бугунгача ишсиз аёлларнинг 37,2 фоизи ишга жойлаштирилди. Боқувчисини йўқотганларнинг 51 нафарига салкам 50 млн. сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Тадбиркорлик истагидаги 16 нафар аёлга эса, 479,4 млн. сўм миқдоридаги кредит маблағлари ажратилишига эришилди.
Яшнобод туман прокуратураси томонидан маҳаллаларда тадбиркорлик фаолияти турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бевосита сектор ёрдамида ташкил этилган “GULOMJON NEYRO SERVICE” шифохонаси бугун юзлаб аҳолига тиббий хизмат кўрсатяпти.

— Бу жой бир пайтлар ташландиқ ҳолатда эди, — дейди биз билан суҳбатда шифохона иш бошқарувчиси Гулноза Тўраева. — 2-сектор раҳбарининг бевосита назорати остида тадбиркорлик фаолиятимизни йўлга қўйиш учун имконият яратилди. Кўркам ва замонавий шифохона биноси қуришнинг ўзи бўлгани йўқ. Уни бунёд этиш жараёнидаги барча муаммоларни ҳал этишда прокуратура ходимлари яқиндан ёрдам кўрсатишди. Айниқса, тубдан қад ростлаган шифохонани электр энергияси, газ, сув таъминоти, канализация тармоқларини тартибга солиш билан боғлиқ жараёнларга тегишли ташкилотларни жалб этишда ишчи гуруҳининг тартибли назорати яққол кўзга ташланиб турди.
Бугун ҳамма шароитларга эга шифохонада 130 нафар беморга хизмат кўрсатилмоқда. Энг асосийси, ташландиқ жойдаги ҳудуд ободонлаштирилиб, яқин атроф маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож 42 нафар хотин-қизлар янги иш ўринларига эга бўлишди.
— 2016 йилдан буён маҳаллани бошқариб келаман. 4,5 минг нафар аҳолимизнинг асосий қисми европа миллатига мансуб кишилардир, — дейди “Алимкент” МФЙ раиси Собиржон Нишонов. — Маҳалламизда 38 та кўп қаватли уйлар мавжуд. Бироқ поликлиника қурилмаган. Шу жиҳатдан олиб қараганда “GULOMJON NEYRO SERVICE” шифохонасининг аҳамияти аҳолимиз учун беқиёс.

“Обод маҳалла” дастури бўйича 2-сектор томонидан кейинги бир йил ичида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Барча кўп қаватли тураржой биноларининг олди йўлаклар тўлиқ таъмирланиб, дарахтларга шакл берилди. Қаровсиз ётган уйларнинг ташқи қисми тўлиқ буёқдан чиқарилди. Болалар ўйингоҳлари, кичик стадионлар қурилмоқда. Хуллас, кишиларнинг фаровон яшаши учун нимаики қилиш керак бўлса, барчаси амалга оширилмоқда.
— Маҳалламиз 2005 йилда ташкил этилганига қарамасдан шу пайтгача ўз хизмат биносига эга эмасди, — дейди “Фидоийлар” МФЙ раиси Асқар Ҳайдаров. — Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган “Обод маҳалла” дастури асосида 2-сектор ишчи гуруҳининг саъй-ҳаракатлари натижасида жорий йилда бизга замонавий янги бино қуриб берилди. Бу бинода давлатимиз раҳбарининг 5 ташаббуси доирасидаги барча вазифалар ижросини таъминлашга тўлиқ шароитлар яратилган. Маҳалла аҳлини китобхонликка жалб этиш учун кутубхона фаолият кўрсатмоқда. Кексалар учун “Нуронийлар хонаси” очилди.
Таъкидлаш лозимки, 2-секторга бириктирилган маҳаллалардаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммолар самарали ҳал этиляпти. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларга имтиёзли кредитлар ажратиш, янги иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш цехлари, кичик корхоналар ташкил этиш борасида бу хизматлар янада яққол кўзга ташланади.

Айниқса, аҳолининг ишсиз қатламини доимий меҳнат жараёнига жалб этиш мақсадида туман прокурори томонидан ташкил этилаётган “Меҳнат ярмаркаси” оммавийлашиб бормоқда. Унга ташриф буюрганлар ўзига мос ишга жойлашиш имконини қўлга киритяпти. Сектор ҳудудидаги “Дўстлик боғи”да “Прокурор кубоги” учун ўтказилаётган спорт мусобақалари эса ёшларимизни жисмонан баркамол бўлиб вояга етишларига асос бўлаётир.
Шодиёр МУТАҲАРОВ
(“Халқ сўзи”).
Алихан Утарбеков олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг