Мўйноқда “NavrUz”: ҳайрат ва унутилмас таассуротлар оғушида

14:40 28 Март 2022 Жамият
750 0

Фото: Халқ сўзи

Оролбўйининг бир пайтлар ниҳоятда ижтимоий-иқтисодий танг аҳволдаги ҳудудларидан саналган, бироқ сўнгги йилларда мисли кўрилмаган ўзгаришларга юз тутаётган Мўйноқ туманида анъанавий “NavrUz” этнофестивали бу сафар ҳам юқори ташкилотчилик ва байрамона руҳда бўлиб ўтди.

Ҳудуд маданий ҳаётида муҳим ўринга эга ушбу йирик тадбир олдидан Мўйноқ аэропортида Тошкент ва Нукус шаҳридан ташриф буюрган меҳмонлар тантанали кутиб олинди. Улар давлатимиз раҳбари ташаббуси ила Мўйноқ аэропортида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар.

Тумандаги Маданият маркази олдида республикамизнинг турли ҳудудларидан ҳамда хориждан келган меҳмонлар ранг-баранг концерт дастурлари ва бошқа кўнгилочар томошалардан баҳраманд бўлишди. Бу ерда ўрнатилган «Қора уй»лар олдида ташкил этилган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, қорақалпоқ таомлари кўргазмалари барчада катта таассурот қолдирди.

Мўйноқ очиқ театр майдонида миллий қўшиқлар янграб, қорақалпоқ тўйларига хос урф-одатлардан саҳна кўринишлари намойиш этилди. Бахшилар, жировлар достонлардан парчалар ижро этган бўлса, қорақалпоқ миллий кийимларидаги қиз ва йигитларнинг айтишувлари иштирокчиларда байрам завқини янада оширди.

Байрам тадбирларида миллий спорт ўйинлари, кураш мусобақалари ҳам ўтказилди.

Мўйноққа илк бор ёки узоқ танаффусдан кейин ташриф буюрган ҳар қандай киши бу ердаги янгиланиш ва бунёдкорлик ишларини кўриб ҳайратланиши шубҳасиз. Тадбир муносабати билан узоқ-яқиндан келган меҳмонлар ҳақиқатан ҳам Президентимиз таъкидлаганидек, маданият Мўйноқдан бошланадиган давр келганини эътироф этишди.

Ғ. Отажонов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер