Мўйноқ аҳолиси қишлоқ хўжалигидаги инновацияларга ўргатилмоқда
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Қорақалпоғистон қишлоқ аҳолисининг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида бир қатор тренинглар ўтказиб келмоқда. Ўқув машғулотлари БМТ Тараққиёт Дастури, Аҳолишунослик жамғармаси ва ФАОнинг Оролбўйи минтақасидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларининг иқтисодий муаммоларини ҳал этиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилмоқда. Қўшма лойиҳа БМТ шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди томонидан молиялаштирилади.
2021 йилнинг 7 февралидан 11 февралига қадар Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида чорвачилик ва боғдорчиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш каби мавзуларда 5 та тренинг ўтказилмоқда. Ўзбекистон Аграр соҳа аёллари уюшмаси ҳамкорликда ташкил этилган ўқув машғулотларида Оролбўйи минтақасининг 120 дан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакиллари, асосан, аёллар ва ёшлар иштирок этди.
Ўқув машғулотларида қишлоқ аҳолиси деградацияга учраган ер майдонларидан самарали фойдаланиш, минерал ва органик ўғитлардан тўғри фойдаланиш, боғ барпо этишнинг агротехнологиялари ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлди. Шунингдек, чорва моллари касалликларининг олдини олиш, самарали озуқа рационини яратиш, шахсий ёрдамчи хўжаликларда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, юқорида қайд этилган қўшма лойиҳа доирасида Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманида ҳам шу каби тренинглар ўтказилиб, унда балиқчилик ва қишлоқ хўжалигида тупроқни ҳимоя қилувчи технологиялар мавзулари кўриб чиқилди. Келгусида ушбу мавзуларнинг барчаси бўйича тренинглар Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида ҳам ўтказилади. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида фермер хўжаликлари кўчатзорлар ва балиқ боқиш ҳавзаларини яратиш учун зарур ускуна ва жиҳозлар билан ҳам таъминланади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг