Мобиль телефон орқали кузатув қудуқдаги мелиоратив ҳолат мониторинг қилинади

13:02 13 Октябр 2021 Жамият
808 0

Суғориладиган майдонлардан юқори ҳосил олишда тупроқнинг мелиоратив ҳолати ҳал қилувчи роль ўйнашини тажрибали деҳқонларимиз яхши билади. Шу маънода давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 5 декабрдаги “Қорақалпоғистон Республикаси сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Оролбўйи ҳудудларидаги мелиоратив назорат қудуқларига рақамли технологиялар жорий қилинаётгани айни муддаодир.

-Кузатув қудуқларига замонавий рақамли технологиялар ўрнатилаётгани биз учун ҳам, фермер хўжаликлари учун ҳам жуда қулай,  - дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Мелиоратив экспедиция бошлиғи в.б. Илҳом Жанабаев. - Олдин ходимларимиз кузатув қудуқларидан белгиланган вақтда намуналар олиб, маълумотларни таҳлил ва мониторинг қилиши ҳамда заруратга кўра тегишли хулосалар тақдим этиши учун анча вақт ва меҳнат керак бўларди. Ҳозирда соҳа ходимлари мобиль телефонида кузатув қудуқларидаги мелиоратив ҳолатни мониторинг қилиш имкониятига эга. Шу билан бирга ушбу маълумотлар махсус дастур орқали маълумотлар базасига узатилиб турилади.  Масалан, биз ҳозир Хўжайли туманидаги 51-кузатув қудуғининг маълумотлари билан танишдик. Ҳозир ушбу далада ер ости сизот сувлари сатҳи 3 метр пастда эканлигини кўрсатиб турибди. Жорий йилда ҳудудлардаги мелиоратив кузатув қудуқларига 107 дона  “Diver” қурилмалари ўрнатилиб, бу борадаги режа тўлиқ бажарилди.

Эътиборлиси, кузатув қудуқларидан мазкур дастур орқали олинган маълумотлар асосида ҳудудлардаги экин майдонларининг шўрланиш даражаси ҳам аниқланиб, фермерларга керакли тавсиялар берилмоқда.

Илгари фермер ўз ҳудудидаги ер майдони мелиоратив ҳолатини аниқламоқчи бўлса, бу ишларни мелиораторлар бир неча босқичда амалга ошириши зарур эди. Соҳага рақамли технологиялар жорий этилиши эса биринчи галда фермерларнинг ишини енгиллаштирмоқда.

 

Ғ.Отажонов, “Халқ сўзи”мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер