Мисрнинг “Elsewedy Electric” компанияси Тошкентда драйпорт қуришга қизиқиш билдирмоқда

08:32 24 Февраль 2020 Иқтисодиёт
1079 0

Яқинда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Мисрнинг “Elsewedy Electric” компанияси директорлар кенгаши раиси Аҳмад ал Сувейди бошчилигидаги делегация билан учрашди. Бу ҳақида ҳокимлик ахборот хизмати хабар берди.

Ўзаро мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

Тошкент шаҳар ҳокими хорижий меҳмонга юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, инвестицион сиёсат, инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар борасида маълумот берди. Дунё давлатлари билан турли соҳаларда алоқалар яхшиланиб бораётганлигини қайд этди. Янгиланишлар ва ўзгаришларда хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик аҳамиятли бўлаётганлигини айтиб ўтди.

Аҳмад ал Сувейди ўз компанияси ҳақида маълумот берар экан, улар қайта тикланадиган энергиясини ишлаб чиқариш учун кабеллар, трансформаторлар, электротехника буюмлари, электр узатиш тармоқларини қуриш ва жиҳозлаш, тарқатиш тизимлари, газ ҳисоблагичларини ишлаб чиқариш бўйича етакчилардан бири эканлигини таъкидлади. Ҳозирда Руминия, Греция, Словения, Чехия, Қатар, Жазоир, Сурия, Бангладеш, Танзания, Гана ва бошқа мамлакатларда компания филиаллари фаолият юритаётганлигини маълум қилиб, қатор йўналишларда Ўзбекистон, хусусан, Тошкент билан ҳамкорликда ишлаш таклифини билдирди. Жумладан, Тошкентда драйпорт қуриш(қуруқликдаги логистика маркази), смарт ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш ва электр энергияси таъминоти соҳасида биргаликда ишлаш нияти борлигини айтиб ўтди.

Учрашувда Тошкент шаҳар ҳокими хорижий меҳмонга пойтахтда амалга оширилиши режалаштирилган қатор лойиҳаларни таклиф этди. Мазкур таклифга асосан, компания мутахассислари тегишли тизимларни ўрганишади ва уларнинг хулосаларига кўра, ҳамкорлик истиқболлари белгиланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер