Минг йил аввал айтилган ҳақиқатлар
Фото: Халқ сўзи
Инсон қадри улуғланаётган замонамизда буюк алломаларимизнинг илмий-маърифий меросини ўрганиш, тадқиқ қилиш ва ундан баҳраманд бўлиш учинчи Ренессансни ният тутган Янги Ўзбекистон ёшлари учун бетакрор манба ҳисобланади.
Давлатимиз Раҳбарининг жорий йил 25 августда эълон қилинган «Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида» қарори бу борадаги муҳим ҳужжат саналади. Қарорга кўра, 2022-2023 йилларда Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги ЮНEСКО шафелигида халқаро миқёсда кенг нишонланиши кўзда тутилган.

Минг йил аввал айтилган ҳақиқатлар
Тараққиётнинг барча жабҳаларида, ҳатто ибтидоий жамиятдан тортиб, майда зарра - атом ғишт каби терилаётган бугунги кунгача металларга бўлган қизиқиш ва эҳтиёж заррача камайган эмас.
Чунончи, аллома аждодларимиз тиббиётда металлар ва минерал моддалар орқали инсон аъзоларини даволашга бағишлаб, 100 га яқин муаллифлар асарлар ёзганлиги айрим манбалар орқали маълум. Араб тили ва матнидаги мазкур асарларнинг 30 га яқин нодир қўлёзмалари Шарқ ва Ғарб кутубхоналарида сақланмоқда. Уларнинг аксарияти ўз тадқиқотчиларини ҳануз кутмоқда. Улуғ бобокалонимиз Абу Райҳон Берунийнинг нодир қўлёзмалари ҳам яқин-яқинларгача шулар қаторида эди.
Беруний ўз асарларида қимматбаҳо тош ва маъданларнинг солиштирма оғирлигини ҳайрон қоларли даражада бугунги замонавий технологиялар кўрсатиб бера оладиган аниқликда ўлчаган, гул баргларининг сони 3, 4, 5, 6 ва 18 та бўлиб, ҳеч қачон 7 та ва 9 та бўлмаслиги ҳақида биринчилар қаторида ўз мулоҳазаларини айтган. Шунинг учун Беруний ўрта аср тилшуноси, астрономи, ботаниги, геологи, табиби ва минерологи сифатида дунёда тан олинади.
«Аллоҳ таоло, Унга ҳамд бўлсин, мавжудотнинг эҳтиёжларини билар эди. Шунинг учун унга лозим даражада, ҳаддан ташқари ортиқ ҳам, кам ҳам бўлмаган миқдорда бу эҳтиёжларни қондирди. У ўсишни таъминлади. Бу ўсиш бунга қобил вужуднинг ҳар томонга йириклашувида кўринади. Шу (ўсиш) унинг учун зарурийдир ва унинг кўринишини ўзгартиради. Бундай кўриниш маълум сабаб туфайли юз беради», дейди Беруний ўзининг «Минералогия» номи билан машҳур бўлган «Китоб ал-жамоҳир фи-маърифат ал-жавоҳир», яъни «Қимматбаҳо жавоҳирлар ҳақида билимлар китоби» (тахминан 1041-1048 йилларда ёзилган) асарида.
Дунё ҳамон ҳайратда
Улуғ ватандошимиз математика, геометрия, астрономия, геология, геодезия, фармокология, кимё, ботаника соҳаларига бағишлаб 160 дан ортиқ асар яратиб, нафақат ўзи яшаб ўтган давр, балки бугунги юксак технологиялар асри учун ҳам ғоят қимматли кашфиётларни мерос қолдиргани бугун етти иқлимга аён. Чунончи, «Минералогия»да қимматбаҳо тошлар ва минералларнинг номлари, ранги, ялтироқлиги, жойлашган макони, қаердан келтирилганлиги, уларнинг кимёвий ва физик хоссаларини аниқлаш, эритиб синаш, савдо-сотиқдаги ўрни ҳақида ўзининг кенг тадқиқотларини баён этади. Шунинг баробарида ушбу рисолада шифобахш тошларнинг тиббиётдаги аҳамияти хусусида қизиқарли маълумот ва тавсияларни беради. Берунийнинг минералогия соҳасидаги энг йирик хизматларидан яна бири шуки, у минерал ва металларни таснифлашда зарур омил сифатида уларнинг солиштирма оғирлигини физика ва минерология тарихида биринчи марта тартибли равишда аниқлаган ва металлшунослик соҳасининг амалий ишларига жорий қилган. Шунингдек, Беруний ушбу асарда тошларга механик ишлов беришнинг турли усулларини келтириб ўтади. Тошларга механик ишлов бериш ҳақидаги Беруний келтирган тушунча ва изоҳлар Ўрта асрларда кончилик ишлари ривожи ўзига хос хусусият касб этган ва бу борада олимларни ўзига жалб қилган. Бу борада Беруний ўзи ясаган махсус асбоб ёрдамида жами 50 та модданинг, жумладан 9 та металл, 18 та суюқлик, 3 та мадан ва бошқа моддаларнинг солиштирма оғирлигини жуда аниқ ўлчаганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир. Қимматбаҳо металл ва тошларга бой конларни топиб, қазиб олиш бўйича Беруний баён этган илмий фикрлар бугунги кунда ҳам геология соҳасида дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Асарнинг қизиқарли жиҳатларидан яна бир шундаки, Беруний ёқут, олмос, зумрад каби қимматбаҳо тошларнинг фойдали сифатларини баён этиш асносида уларнинг зарарли жиҳатлари ҳақида ҳам батафсил тўхталади. Шунингдек, минералларнинг солиштирма оғирлиги бўйича Беруний томонидан амалга оширилган тажрибалар минералогия илмининг кейинги ривожида ҳам муҳим роль ўйнади. Бу борада минералшунос олимлар ўз асарларида қайд этиб, тошларга жило беришда Беруний тажрибасидан ҳозирги замон заргарлиги ҳам кенг фойдаланмоқда.
«Минералогия» асари конларни, айниқса Ўрта Осиё ер ости бойликларини ўрганиш учун муҳим манба сифатида ҳам ўз қимматини йўқотган эмас. Асар 1963 йилда шарқшунос олим А.Белиниский томонидан араб тилидан рус тилига таржима қилиниб, шу таржима жараёнида бу асар таъсирида олим турли минераллар тавсифига бағишлаб, 14 та илмий мақола ёзган. Немис шарқшуноси Э.Захау Берунийни инсоният ҳеч қачон забт эта олмайдиган чўққи сифатида тан олган бўлса, Ф.Старр эса «Бугунги тарих» мақоласида Берунийнинг иш услублари айнан бугунги кун услубларига жуда ўхшашлиги билан кишини ҳайратга солишини таъкидлайди. Ғарб тадқиқотчиси М.Меерхофф қомусий олимлар ичида энг машҳури Беруний эканлигини билдирган.
«Минералогия» бадиий адабиёт, адабга оид хамда турли халқларнинг минераллар ва металлар билан боғлик урф-одатларига оид материалларга бойлиги билан ҳам ажралиб туради. Бу ҳақда академик И.Крачковский шундай дейди: «Беруний кўп йиллик махсус изланишларини фақат илмийгина эмас, балки бадиий адабиёт, фақат оригинал араб адабиётигина эмас, бошқа тиллардан ҳам адабиёт намуналари билан бойитди».
«Улуғ ҳодисалар ҳар вақт ҳам юз бермайди»
Қайд этиш лозим, сўнгги йилларда мамлакатимизда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятининг ташкил этилиши бизнинг заминда таваллуд топиб, илмий фаолият олиб борган буюк аллома ва мутафаккирлар меросини илмий тадқиқ этиш жараёнини янги босқичга олиб чиқди. Орадан минг йўл ўтиб, бир гуруҳ олимлар — А.Қаюмов, Қ.Санақулов, М.Исъҳоқов, О.Хаитова А.Ҳасанов, Р.Уразовалар ҳамкорлигида «Минералогия» асарининг ўзбек тилига ўгирилиб, чоп этилгани ҳам бобокалонимизнинг даҳоси ва илмий меросига эҳтиром тимсолидир. Бугунги кунда мазкур олимлар гуруҳи юбилей сана муносабати билан «Минералогия» асарини қайтадан тўлдирган нашрини чоп этишга тайёргарлик кўрмоқдалар.
«Улуғ ҳодисалар ҳар вақт юз беравермайди», деган эди Абу Райҳон Беруний ўз ҳикматларида. Мамлакатимиз раҳбарининг жорий йил 10 февралдаги «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу йўналишдаги изланишларни янги босқичга олиб чиқиш билан бирга, улуғ янгиланишлар остонаси ҳамдир. Зотан, юртимизда Учинчи Ренессанс пойдевори илм билан — аждодларимизнинг бизга қолдирган улкан мероси ва бугунги замонавий ғоялар муштараклигида қўйилмоқдаки, бу мамлакатимиз тараққиёти пухта ҳамда узоқ ўйланган изчил сиёсат асосида юксалаётганлигидан далолатдир.
Олмахон ХАИТОВА,
Навоий давлат кончилик ва технологиялар
университети профессори.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг