Миндоннинг сопаки оши ҳақида эшитганмисиз?

14:00 15 Август 2022 Жамият
1004 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғонадаги Шоҳимардон, Чимён, Водил, Аввал, Еттибулоқ, Миндон каби асрларни қаритган кўҳна қишлоқлар водийнинг ўзига хос «ташриф қоғози»га айланган десак, муболаға бўлмайди. Табиати бир-биридан гўзал бу қишлоқлар аҳолисининг бетакрор қадрият ва анъаналари, ота-боболардан мерос ҳунарлари бор.

Айтайлик, тарихий Миндон қишлоғида тайёрланадиган сопаки ош Фарғона водийсида жуда машҳур. Азалдан қишлоқ тўйларида катта дошқозонларда сопаки ош тайёрланиб келинади. Бугунги кунда ҳам Миндонда бу анъана давом этмоқда.

— Болалигимизда ота-боболаримиздан эшитганимиз бўйича айтадиган бўлсак, сопаки ошнинг тарихи жуда узун, — дейди 84 ёшли Турдимат ота Алибобоев.  — Чунки улар ҳам болалигидан шундай ош тановул қилиб улғайганларини ўзгача мароқ билан эслашарди.

Қишлоқ нуронийларининг таъкидлашича, ёғда қовурилмай асосан димлаб, буғда пишириладиган сопаки ош парҳезбоп, тез ҳазм бўлгани боис қон босими юқори, ҳаракати чекланган беморларга ҳам тавсия этилади.

Миндон оқсоқолларидан бири Топволди Исматовнинг маълум қилишича, бундай ошни тайёрлаш учун пахта ёғи алоҳида қозонда доғ қилиб олинади. Сабзи катта-катта тўғралади, гуруч асосан буғда пишади. Шyндан сўнг гуруч устидан доғланган ёғ қуйилади. Шу тариқа ёғ гуручга обдон сингдирилади. Лаҳм гўшт, майиз, нўхат унга ўзгача таъм бахш этади. Шунинг учун ҳам сопаки ош иссиғида ҳам, совуқ ҳолида ҳам жуда мазали.

Қишлоқ тўйларидаги яхши удум бугунгача сақланиб қолган. Сопаки ош тайёр бўлгач, аввало, иккита иссиқ нон билан беморлар ва тўйга кела олмаган кексалар хонадонига тарқатилади. Миндонга бошқа ҳудуддан келган меҳмонларга ҳам кетиш чоғида бир сопол товоқда сопаки ош, тандирдан янги узилган иккита иссиқ нон тугун қилиб берилади.

Ҳозирда Фарғона вилояти, водийнинг турли ҳудудларида сопаки ош тайёрланади, аммо бу таомни тайёрловчи энг моҳир ошпазлар ва унинг асл шинавандалари Миндонда...

Дилбар Фарғонага йўлингиз тушса, албатта, Миндонда меҳмон бўлинг. Миндон патири, Шоҳимардонсой сувидан тайёрланадиган кўк чойи, мазаси оғзингизда қоладиган сопаки оши ёқимли хотираларга айланаши шубҳасиз.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер