Миллион нафардан ортиқ германияликлар алкоголнинг жиддий асоратларидан азият чекмоқда
Айни вақтда бир миллиондан ортиқ германияликлар алкоголь истеъмоли сабаб юзага келган соғлик муаммоларидан даволанмоқда. Бу ҳақида BILD маълум қилди.
Унда айтилишича, Германияда бир миллиондан ортиқ катта ёшдаги шахслар алкоголь истеъмолининг жиддий оқибатларига дуч келмоқда. 2024 йилги маълумотларга кўра, 1 миллион 40 минг киши алкоголга қарамлиги туфайли тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Шундан 720 минг нафари эркак, 320 минг нафарини аёллар ташкил қилган.
Бармер суғурта компанияси бош директори Кристоф Страубнинг таъкидлашича, мазкур рақамлар хавотир олишга арзийди.
«Алкоголга қарамлик кўпинча йиллар давомида сезилмасдан ривожланади. Шунинг учун бундай инсонлар тезкор даволанишлари лозим. Шифокорлар ва психологлардан профессионал ёрдам олишлари жуда муҳим», — дейди Кристоф Страуб.
Шунингдек, мазкур вазият минтақаларга қараб сезиларли даражада фарқ қилади. Энг юқори кўрсаткичлар Мекленбург ҳамда Форпоммерн штатларида қайд этилган бўлиб, ушбу ҳудудлардаги ҳар минг нафар катталардан 23 нафарига алкоголга қарамлик ташхиси қўйилган.
Таҳлиллардан маълум бўлишича, муаммо ғарбий штатларга қараганда шарқий штатларда кўпроқ сезилади. Бундай беморларнинг энг паст даражаси Рейнланд-Пфальц штатларида кузатилган. Бу ҳудудларда ҳар минг нафар инсондан 12 нафари алкоголга қарамликдан азият чекади.
Бундан ташқари, ушбу хавф 60 ёшдан 69 ёшгача бўлган эркаклар ва аёллар орасида кенг тарқалган бўлиб, уларда алкоголга қарамлик минг нафар эркакдан 40 тасида ва минг нафар аёлдан 16 тасида аниқланган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг