Миллий сертификат имтиҳони учун рухсатномалар эълон қилинди
Миллий сертификат имтиҳони учун рухсатномалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда Билимни баҳолаш агентлиги ахборот хизмати.
Унга кўра, жорий йилнинг 21–22 декабрь (шанба-якшанба) кунлари она (ўзбек, қорақалпоқ, рус) тили ва адабиёт фанларидан миллий сертификат имтиҳони бўлиб ўтади. Тест синовида иштирок этадиган талабгорлар рухсатномани my.gov.uz сайтининг «Менинг аризаларим» бўлимидан олишлари мумкин.
Мазкур рухсатномада талабгорлар қачон, қаерда тест синовида иштирок этиши кўрсатилган бўлиб, улардан белгиланган вақтдан кечикмаган ҳолда келиш сўралади.
Талабгорлар тест синови ўтказиладиган биноларга шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки ID-карта) асосида 1-сменада 07:30 дан бошлаб (тест синови 09:00 да), 2-сменада 13:00 дан бошлаб (тест синови 14:30 да) киритилади.
Таъкидланишича, тест синовига кечиккан ёки келмаган талабгорлар учун қўшимча имтиҳон ўтказилмайди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг