Миллат маънавияти қўрғони
Фото: president.uz
Мушоҳада
Аёл — она. Аёл — гўзаллик ва латофат тимсоли...
Умуман, ҳаётни аёлларсиз тасаввур қилиш қийин. Ҳомила она қорнида ривожланар экан, онаси нимани эшитса, қанақа маълумотларни ўқиса, қандай манзарани кўрса, нима ҳақида ўйласа, фикр-мулоҳаза қилса, мурғак жоннинг маънавий онги шунга қараб шаклланиб боради. Онасининг феъли, хатти-ҳаракати, ижобий ва салбий хислати, фазилатларидан андоза олади. Фарзанд дунёга келганидан кейин ҳам ота-онанинг топган луқмаси орқали, она сути билан озиқланади. Демак, қанчалик тўғри йўлдан юриб, ҳалол ризқ топиб рўзғор тебратсак, фарзандларимиз шунчалик имонли, эътиқодли, тарбияли, маънавий дунёқараши кенг, солиҳ фарзандлар бўлиб камолга етади.
Дунёдаги жами буюк инсонларни ҳам она дунёга келтирган. Эришилган катта-катта ютуқларимизда ҳам аёл кишининг ўрни беқиёс.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам ёш етим қолгани учун бир умр волидасини алқаб ўтган. Оқ сут бериб, тарбиялаган, меҳр берган онасига ҳам эҳтиром кўрсатган.
Тарихдан маълумки, аждодларимиз доим аёлларни қадрлашга, уларга нисбатан ҳурмат ва иззатда бўлишга даъват этган. Улар учун саройлар, мақбаралар бунёд қилган. Соҳибқирон Амир Темур Самарқандда Бибихонимга мадраса, бобурийлар сулоласидан Шоҳжаҳон Мумтозбегимга Ҳиндистонда Тож Маҳал саройини қурдирган.
Миллий тафаккур ҳар бир халқда кўп асрлар мобайнида шаклланади, унинг энг муҳим жиҳатларидан бири эса аёлларнинг оила ва жамиятдаги роли, ёш авлодни тарбиялаш масаласи ҳисобланади. Хусусан, ХХ аср бошларида миллий маърифатпарварларимиз хотин-қизларнинг ўқимишли, илмли, маданиятли, ўз жамияти учун зарур ва фойдали инсонлар бўлиб етишишларига ўз муносабатларини билдирган. Жумладан, Абдулла Авлоний: «Қизлар билим олишга ҳаммадан кўпроқ интилишлари лозим, зеро, бу билимлар билан улар келажак авлодни тарбиялайдилар», деб ёзади.
Бугунги кунда хотин-қизларнинг янгича ёндашув, янгича ғоя ва ташаббуслар билан чиқишларига кўмак бериш давр талабига айланмоқда. Республикада амалга оширилаётган илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги лойиҳаларда хотин-қизларнинг фаол иштирок этаётганлиги ҳам эътиборга молик. Олима аёллар томонидан бажарилаётган илмий тадқиқотлар, саноат, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий-маърифий ва маданий соҳаларнинг ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Зеро, янги Ўзбекистон тараққиёти, гуллаб-яшнаши илм-фан ривожига боғлиқ. Бу эса ўз навбатида, илм-фан соҳасида изланишлар олиб бораётган хотин-қизлар зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, саломатлигини муҳофаза қилиш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари Конституциямиз, қонунларимизда мустаҳкамлаб қўйилган. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, «Аёли эъзозланган юрт қудратли бўлади».
Кейинги йилларда давлатимиз хотин-қизларни ҳар қандай камситиш ва таҳқирлашдан ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ҳимоя қиладиган барча йирик халқаро шартномаларга қўшилди. «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида», «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида», «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида» ва бошқа қатор қонунлар қабул қилинди. Баъзи кодексларга ўзгартиришлар киритилди.
Давлатимиз раҳбарининг соҳага доир 20 дан ортиқ фармон ва қарорлари аёлларнинг оғирини енгил қилишга, уларнинг яшаши, таълим олиши, соғлиғини тиклаши, жамиятда ўз ўрнини топиши учун зарур шароитларни яратишга хизмат қилмоқда. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси, Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси фаолият юритмоқда.
Олиб борилаётган кенг кўламли ишлар натижасида нозик хилқат вакиллари жамиятда ўз ўрнини топмоқда. Турли соҳаларда ўз салоҳиятини намоён этиб, муваффақиятларга ҳам эришаётир.
Юртимизда жорий этилган «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлганлар орасида аёлларимизнинг борлиги ҳам юқорида айтиб ўтилган фикримиз исботидир. 1994 йилда таъсис этилган ушбу юксак давлат мукофоти билан шу вақтга қадар 17 нафар аёл тақдирланган.
Атоқли шоира Зулфияхоним издошларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди. Ҳукумат қарори билан ҳар йили олий таълим муассасаларига кириш учун хотин-қизларга қўшимча грант ажратилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ижтимоий фаол хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг эл-юрт олдида кўрсатган хизматларини муносиб рағбатлантириш мақсадида «Мўътабар аёл» кўкрак нишони таъсис этилди ҳамда ҳозирга қадар кўплаб аёллар мазкур мукофот билан тақдирланди.
Бугунги кунда умумтаълим муассасаларида жорий этилган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимида фаолият юритаётганларнинг ҳам кўп қисмини, масалан, Тошкент вилояти бўйича қарийб 70 фоизини ёзувчи, журналист, шоира ҳамда ижодкор ўқитувчи аёлларимиз ташкил этади.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистонда хотин-қизлар доимо эъзозда. Янги Ўзбекистон келажагини эса ташаббускор, матонатли, садоқатли, меҳнатсевар, оилапарвар ўзбек аёлисиз тасаввур этиб бўлмайди.
Комилжон САФАРОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Тошкент вилояти бўлими бош мутахассиси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг