Миллат ҳамиятининг мунтазам ҳимояти
Мамлакатимизда бениҳоя кўламли ислоҳотларнинг нақд натижалари боис «Янги Ўзбекистон» деган мағзи тўқ истилоҳ истифодаси урфга кирди. «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» шиори юртимизда мутлақо табиий равишда бош ғоя мақомига кўтарилди. Давлатимиз раҳбарининг изчил ва чинакам халқчил сиёсати туфайли инсон қадри энг олий қадриятлардан бири сифатида эъзозу эътибор, ҳифзу ҳимоят бағридан муқим ва мустаҳкам жой олди.
Шубҳасизки, бу халқимизнинг неларни кўрмаган бошини кўкка етказди. Зотан, ўзбекнинг ўлмас ҳикмат ёмбилари орасида «Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман» тарзидаги теран ва дилдаги адоқсиз оғриқ билан айтилган ҳақиқат ҳам бор. Инсон боласи, хусусан, бизнинг аждодларимиз азалдан қорин қайғуси билан эмас, балки, аввало, қадр қайғуси билан умргузаронлик қилган. Шунинг учун ҳам улар ҳеч кимдагидан кам бўлмаган қадр туйғуси билан илм-фан, маърифат, маданият ва маънавият бобида тенгсиз дурдоналарни яратган, ўз номларини тарих саҳифаларига муҳрлаган.
Ўзбек тилидаги қадр сўзининг асосий маъноси луғатда шундай изоҳланган: «жамиятда, кишилар ўртасида тутган ўрин, ўзга(лар) томонидан бўлган ҳурмат, эътибор». Албатта, буни саломат сақлаш ҳамият сўзи билан ифодаланади. Бу сўзнинг асосий маъноси изоҳли луғатда «ор-номусини, қадр-қимматини пок сақлаш туйғуси» тарзида тавсифланган. Айтиш мумкинки, қадр туйғуси ва ҳамият тириклиги бир-бири билан тамоман уйқаш, бирисиз иккинчисининг мавжудлиги номумкин бўлган тушунчалар ўлароқ инсоннинг олий ва ардоқли сезгилари сирасига киради. Албатта, тил, хусусан, она тили айни шу қадрнинг ҳам, ҳамиятнинг ҳам ҳамиша зимну заминида ётадиган тушунчалардандир.
Тил салтанатининг беназир султони улуғ бобомиз Алишер Навоийнинг «Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин», «Тилга эътиборсиз — элга ихтиёрсиз» каби ҳикматларида одам боласи учун тилга эҳтиромли муносабатнинг азалий ва абадий эҳтиёжи, инсонликнинг бош белгиси тил эканлиги, тил ва эл ҳурмати таносибининг таранглиги гўзал шамойилларда ифода топган. Умуман, ҳар қандай тилга, хусусан, она тилига, бирон-бир даражада бўлсин, нописандлик ёки камситиш билан қараш инсон ва эл қадрига ҳурматсизлик, инсон ва халқ ҳамиятига дахл қилиш тарзида англаниши, кишилар кўнглини, юмшоқроқ таъбир билан айтганда, оғритиши, табиийки, яқин ўтмишимизда биз бунинг гувоҳи бўлганмиз.
Бугун юртимизда халқ ҳамиятининг мунтазам ва иддаосиз ҳимояси муддаоси билан ўзбек тилини давлат тили деб эълон қилган қонуннинг имзоланганига 33 йил бўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида алоҳида таъкидлаганидек, «Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир». Шуни мамнуният билан таъкидламоқ жоизки, давлатимиз раҳбарининг доимий эътибори билан, айниқса, сўнгги беш-олти йил ичида мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш борасида янги босқич бошланди. 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган концепция ва махсус дастур қабул қилинган, келгусидаги ишлар аниқ-тиниқ кўрсатиб берилган, шу асосда тил илми тадқиқи, таълими ва тарғибига дахлдор тизимли ҳамда кенг қамровли ишлар жадал суръатларда амалга оширилди ва оширилмоқда.
Президентимизнинг ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш борасидаги кўрсатмалари асосида изчил ҳаракат олиб борилмоқда. Мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва элатлар тилларининг ривожланиши учун кенг имконият ҳамда шароитларнинг яратилгани ҳам бор ҳақиқатдир. Юртимизда қарор топган бениҳоя оқил ва одил тил сиёсати туфайли кўп миллатли халқимизнинг бирлиги, ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкамланмоқда. Ўзбек тили байроғимиз, гербимиз, мадҳиямиз қаторида давлатимизнинг муқаддас ҳамда муҳташам рамзларидан бири сифатида такомил ва ривож ўзанидан бормоқда. Ҳар йили 21 октябрь «Ўзбек тили байрами куни» сифатида бутун халқимиз томонидан чексиз мамнуният билан кенг нишонланмоқда, бу кун амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, янгидан-янги режаларнинг тарҳи чизилмоқда.
Тилнинг ижтимоий ҳодиса эканлиги ҳақида кўп гапирилган. Шубҳасизки, тилнинг пайдо бўлиши, ўзлаштирилиши ва тараққиётидай мураккаб жараёнларни жамиятдан айро ҳолда асло тасаввур қилиб бўлмайди. Бу мураккаб жараёнда ижтимоий муҳитнинг, кишилик жамоасининг, уй-хонадон деган бирликнинг ҳал қилувчи омил эканлигидан иборат ҳақиқатни инсон ақли ҳазм қилиб улгургунча, не-не насллар югурик асрлар тўзони ичра абадга қўним топган.
Эрамиздан олдин ҳам, бизнинг эрамизда ҳам дунёнинг турли бурчакларида ана шу ҳақиқатни излаб, турли-туман тажрибалар ўтказилган. Жумладан, «Мўғуллар империясининг умумий тарихи» (Париж, 1705) номли китобда XVI асрда Акбаршоҳ томонидан ўтказилган бир ғаройиб тажриба ҳақида батафсил ёзилган. Улуғ шоҳ «Бирон-бир тилга ўргатилмаган одамнинг табиий тили яҳудий тили бўлади», деган ғайриилмий гапни эшитиб қолади. Шунда Акбаршоҳ болага ҳеч қандай тил атайлаб ўргатилмаса, у, чиндан ҳам, қайси тильда гапирадиган бўлишини билишни истайди. Ана шу мақсадда шоҳ ўн иккита эмизикли болани ажратиб олиб, Аградан олти миль узоқликдаги қалъага жойлаштиради, уларни тарбиялашни ўн икки соқов энагага топширади. Тилсиз қоровулга қалъа дарвозасини очиш қатъиян тақиқланади. Болалар ўн икки ёшга етганда, шоҳ уларни ҳузурига келтиришни буюради ва саройга барча тилларни биладиган донишмандларни ҳам таклиф этади. Аграда яшайдиган бир яҳудий болалар, чиндан ҳам, яҳудийча гапириш ёки гапирмасликларига ҳакамлик қилиши керак эди. Аграда араблар ва халдей (сомийлардан бўлган қадимий халқ)лар бисёр эди. Ҳинд файласуфлари бу болаларнинг тили санскрит (қадимги ҳинд тили)ча бўлиб чиқади деб ҳисобларди. Аммо болалар шоҳ ҳузурига келтирилганда, барча ҳайратдан тош қотиб қолади, чунки улар ҳеч бир тильда гапирмас эди. Бечоралар ўз энагаларидан фикрларини фақат турли имо-ишоралар билан ифодалаб, ҳеч қандай тилсиз муомала қилишни ўрганганди. Улар бу нотаниш, бегона жамоадан қўрқиб-ҳуркиб турарди, очилмай тугилган бу тилларнинг тугунини ечмоқ тамоман мушкул, уларга нутқ товушларини айттирмоқ замони ўтиб бўлган эди.
Қилни қирқ ёрган аксарият дунё тилшуносларининг таъкидлашларича, нафақат тилни ўзлаштириш, балки тилнинг ибтидодан пайдо бўлиши ҳам муайян жамоада бировнинг бошқасига ниманидир айтиш, нимагадир ундаш, ўзининг муайян ҳиссий ҳолатини билдириш каби эҳтиёжи маҳсулидир. Қисқача айтганда, жамоа-жамият билан боғлиқдир. Айтиш жоизки, тилнинг такомилу тараққиётини ҳам, унинг шахс маънавий-маданий ташаккули ва аждоду авлоднинг замонлар оша ворисийлигидаги қиёссиз ўрнини ҳам жамиятсиз англаш мутлақо мумкин эмас. Шунинг учун ҳам жамият ҳамда халқ тараққиёти, тинчлиги ва фаровонлигини, уларнинг миллий манфаатларини таъминлашдай олий мақсадни бирламчи бурчи деб билган давлат ўз ҳудудида миллий тилни давлат тили мақомига кўтариши, унинг тириклиги муҳофазаси ҳамда ҳар тарафлама камолоти учун қайғуриши қонуний ва ҳаққоний заруриятдир. Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги тарихий Фармонида беҳад ўринли таъкидланганидек, «Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада аввало ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир».
Тилсиз миллий руҳ деган бемисл теран ва улуғвор тушунчанинг моҳияти тамоман муаллақлашади. Ўзбек педагогикасининг атоқли намояндаларидан бири Абдулла Авлоний 1917 йилда иккинчи марта нашр қилинган «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» асарида бу ҳақиқатни мана бундай ифодалаган: «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур». Демакки, миллий руҳ, миллий онг, миллий маънавият, миллий маданият каби тушунчаларнинг таянч устуни, тирик тиргаги она тилидир. Забардаст ўзбек тилшуноси, академик Алибек Рустамов бу ҳолатни гўзал ва оҳорли қиёс воситасида мана бундай тавсифлаган: «Тирик жоннинг ҳаёти учун ҳаво қанчалик зарур бўлса, инсоннинг инсон сифатидаги турмуши ва унинг инсонлигини белгиловчи маънавий тириклиги учун сўз (яъни тил) шунчалик зарурдир».
Тил нафақат маънавият ва маданиятнинг, балки тафаккурнинг ҳам асосий таянчи, шунинг учун ҳам миллий тафаккур тушунчаси мавжуд. Табиийки, инсоннинг дунёни билишидай адоқсиз тадрижий жараённинг қудратли ҳаракатлантирувчи кучларининг бошида тафаккур туради. Бу куч таърифини улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоийдан ўтказиб ҳеч ким айтолган эмас: «Ҳар ишки қилмиш одамизод, Тафаккур бирла билмиш одамизод». Шуни ҳам ёдда тутиш жоизки, тафаккурни воқелантирадиган, унга фақат шамойилгина эмас, балки аниқ ўзан бахш этадиган қудрат эса тилдир. Тил миллий тафаккур тарзини тайин этади ва мутлақо таносибий бир интизомда тафаккур такомили тилнинг тадрижий тараққиётини таъминлайди. Инсоният камолотида, унинг тафаккури, тасаввури ва тахайюли парвозида тилнинг беқиёс омил эканлиги бугун эътироф этилган ҳақиқатлардандир.
Машҳур олмон алломаси В. Гумбольдт ва унинг давомчиларининг эътирофларича, тил кишилар ўртасидаги шунчаки алоқа воситасигина эмас, у миллатнинг дунёни кўрар кўзи, эшитар қулоғи, англар ақлидир. Ҳар бир халқнинг бошқалардан фарқли миллий нигоҳи бор. Ҳар бир тил вакили муайян товушни бошқасидан фарқли эшитади, масалан, ўзбек итнинг товушини «вов-вов» деб, рус «гаф-гаф» деб ва ҳоказо тарзда ифодалайди. Идрок интизомидаги фарқларни ҳам сезмаслик мумкин эмас, масалан, русчадаги «не даёт говорит» бирикмасини ўзбекчага «гапиришга бермаяпти» тарзида ўгириш ана шу русчадаги идрок интизомини ўзбекчага ноўрин кўчириш натижасидир, ўзбекча идрок интизомига мувофиқ «гапиришга қўймаяпти» тарзида бўлиши зарур. Тил бу синоатли оламни мунтазам инкишоф қилишнинг бирламчи қудратли қуролидир.
Дунё адабиётининг номдор намояндаси Чингиз Айтматов «Авезов ҳақида сўз» номли мақоласида «Тил халқнинг автопортретидир», деган беҳад теран образли таърифни айтган. «Автопортрет» сўзининг маъноси, маълумки, «рассом ёки ҳайкалтарошнинг ўз қўли билан ишлаган ўз тасвири, портрети»дир. Чиндан ҳам, масалан, ўзбек тили ўзбек халқининг сийрату суратини, тафаккур ва тахайюл оламини, ўтмишу бугунини борича акс эттирадиган, муҳими, шу тилнинг ўзи воситасида ҳамда «ўз қўли» билан «чизилган» ҳам ички, ҳам ташқи холис қиёфасидир. Бу қиёфа халқимизнинг минг йиллик лисоний-тарихий тараққиёти жараёнларида, бетакрор маданий ва ақлий, адабий-бадиий дурдоналарида бўй кўрсатиб турибди. Бу қиёфа парваришу муҳофазага, эъзозу эҳтиётга, кўз қорачиғидек асрамоққа, янада камолот сари элтмоққа шоён муҳташам бойликдир.
Дунё тил илмида тил ва тафаккур муносабати борасида турли фикрлар билдирилган, улардан бирига кўра, тил тафаккурнинг шаклланиши жараёнларида бевосита иштирок этади. Бундай фикрни илгари сурганлардан бири америкалик таниқли олим Бенжамин Ли Уорфдир. Унинг назарий қарашларини таҳлил қилган Макс Блек «Тил мустақил мазмуннинг ташқи ифодасидир, тил ва мазмун ўртасидаги муносабат кийимнинг ўзи ёпиб турган танага муносабатига ўхшайди», қабилидаги ҳукм айтилса, бунга Уорфнинг мутлақо қўшилмаган бўлишини таъкидлайди. Бунинг маъноси шуки, тилни Уорф ҳеч қачон иккиламчи, яъни тафаккур шаклланишидаги ёрдамчи восита деб ҳисобламаган. Ана шу жиҳатдан қараганда, мутафаккирнинг қуйидаги икки мулоҳаза-ҳукми ҳам алоҳида эътиборга молик: «Таъкидламоқ керакки, «Ҳинд-Европа тилларида гапирадиган барча замонавий олимлар» ва «барча олимлар» тушунчалари бир-бири билан тенг эмас. Замонавий хитой ёки турк олимларининг дунёни Европа олимлари каби тавсифлаши фақат шуни кўрсатадики, улар ўз тафаккур тизимларини мустақил ҳолатда ишга солмаганлар, балки бутун ғарбча тафаккур тизимини яхлитлигича ўзлаштирганлар». «Айтиш мумкинки, инсониятни келажакда бир тильда, хоҳ инглиз, хоҳ немис ёки хоҳ рус тилида, гаплашишини тасаввур қиладиганлар инсоний тафаккур тараққиётига улкан зарар келтириши аниқ бўлган ҳолатни идеал сифатида қабул қилганлари учун қаттиқ адашади». Олимнинг бу гапларидаги аёвсиз ҳақиқатни унутмаслик лозим. Тил тафаккурнинг шунчаки либоси, ташқи томони эмас, балки тафаккурнинг ташаккулида бевосита иштирок этадиган, унинг ўзанини тайин этадиган беназир унсурдир. Ана шунинг учун ҳам унутмаслик зарурки, она тили дарсликларини фақат хорижий тил дарсликлари қолипида яратиш, она тилини ўқитиш жараёнларини тамоман чет тили таълими андозаларига солиш мақсадга мувофиқ эмас. Она тили таълимида расо миллий тафаккур ва рост миллий маънавиятнинг мунтазам тарбияси устувор йўналиш бўлмоғи керак.
«Давлат тили ҳақида»ги Қонунимизда бу тилни ривожлантириш ва унинг софлигини сақлаш масалаларига дахлдор қоидалар белгиланган. Бугунги кунда ўзбек тили ривожланган тиллардан бири сифатида ҳаётимизнинг барча соҳасида эмин-эркин қўлланмоқда. Ўзбек тилининг софлигини сақлашдай эзгу мақсад билан баъзан у ёки бу ўзлашган (араб, форс, рус, Европа тилларидан) сўзни тильдан чиқариш, унинг ўрнига бошқа сўзни киритиш борасидаги етарлича ўйланмаган ёки илмий-мантиқий асоси анчайин бўш таклиф-мулоҳазалар билдирилади, ўзбек тилидаги ҳар қандай ўзлашмага ғашлик билан қаралади, ҳар қандай ўзлашмани эски туркий тилга оид сўз билан алмаштириш тавсия қилинади. Ҳолбуки, Ер юзидаги 6909 та тильдан (ЮНEСКОнинг 2012 йилдаги маълумоти) луғат бойлигида ўзлашмалар тамоман йўқ бўлган бирорта тил мавжуд эмас. Ҳатто энг йирик ва ривожланган деб ҳисобланган тилларда ўзлашмалар анчайин катта миқдорни ташкил этади. Туркистон жадидларининг тан олинган раҳнамоси Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан 1915 йилда айтилган қуйидаги фикрларнинг нечоғли асосли эканлигига диққат қилинг: “...Минг йил аввалги тилға қайтмоқ қонуни табиатға мухолифдур. Чунки мозийға ружуʼ мумкин йўқ. Бегона тильдан сўз олмоқдан қутулган тил йўқдур. Англисчани арабчадан сўнгра энг бой тил дерлар. Ма фиҳи (шунга қарамасдан), ўн минглар ила бегона луғатларни мажбуран олганлигини ёзарлар. Хулоса фикримиз шуки, ялғуз туркча сўйламак ва ёзмоқ абадан мумкин йўқ. Бақадри имкон арабий ва форсийни оз ёзайлуқ. Барча илму фан истилоҳ луғатлариға туркчадан муқобил охтариб вақтни зое этмайлук». Бугунги глобаллашган XXI асрда эса бир-бири билан мулоқотда бўлмаган тил ёки халқнинг ўзи йўқ, тиллараро сўз олиш-бериш анча фаоллашган ва бу одатий ҳол тусини олиб бўлган. Тилимизга кириб, ўзлашган, луғатимиз таркибидан жой олиб улгурган ҳар қандай чет сўзга муқобил излайвериш, ўринли-ўринсиз уни алмаштириш пайидан бўлавериш фойдали юмуш эмас.
Кўҳна ва донишманд Шарқ одамларида, хусусан, бизнинг аллома боболаримизда кўп тилни билиш бениҳоя мўътабар фазилат ҳисобланган ва ана шу фазилат соҳиблари бўлганликлари боис ҳам улар жаҳон илм-фани ҳамда адабиётида муҳташам ва муҳтарам ўринларни эгаллаган. Ҳатто XIII асрда яшаган тарихчи Ибн Халликоннинг кўрсатишича, буюк олим Абу Наср Форобий ўз она тили — туркий тильдан ташқари етмишдан ортиқ тилларни билган. Бу ҳақдаги ривоятлардан бирида айтилишича, бир куни Дамашқ ҳокими ҳузуридаги олимлар йиғинига Форобий ҳам келиб қолади. Ўз тахтида ўтирган ҳоким Сайфутдавла Форобийни ўтиришга таклиф этади. Форобий: «Ўзимнинг мартабамга қараб ўтирайми ёки сизнинг мартабангизга қараб ўтирайми?» деб сўрайди. Ҳоким: «Ўзингнинг мартабангга қараб ўтир», деб жавоб беради. Олим тўппа-тўғри ҳокимнинг тахти ёнига бориб ўтиради. Бундан ғазабланган ҳоким кўпчиликка номаълум бўлган бир тильда соқчисига: «Бу одобсизлик қилди, ахлоқсизлиги учун уни кетаётганида жазоланглар!» дейди. Шунда Форобий: «Мен ҳеч қандай гуноҳ қилганим йўқку, нима учун мени жазолайсиз?» деб сўрайди. Ҳайратга тушган ҳокимнинг «Бу тилни халқ орасида ҳеч ким билмас эди, сен қаердан ўргангансан?» деган саволига Форобий: «Мен кўп тилларни ўрганганман», деб жавоб беради. «Иккинчи муаллим»ни таниб қолган ҳоким олимдан узр сўрайди.
Юртимизда кўп тилни билиш, кўп тилни ўрганишга ҳаракат қилиш азалдан анъана тусини олган. Бу анъананинг мамлакатимизда бардавом бўлишини таъминлаш борасида давлатимиз раҳбари доимий равишда ғамхўрлик кўрсатиб келмоқда. Президентимиз ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида «Биз ёшларимизнинг жаҳон тилларини эгаллашга бўлган улкан қизиқиш ва интилишларини ҳар доим қўллаб-қувватлаймиз», деб таъкидлар экан, XX аср бошида олти тилли — ўзбек, араб, форс, ҳинд, турк ва рус тилларида луғат тузган маърифатпарвар Исъҳоқхон Ибратнинг қуйидаги сўзларини эслатади: «Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат — бу ватаний ишдир». Шубҳасизки, одам ҳар қанча кўп тилни билмасин, унинг тамомила ва том маънода ўзиники бўлган тили фақат битта бўлади, албатта, бу унинг ўз она тилидир. Шунинг учун ҳам бошқа тилларни ўрганишда она тили орқали у тиллар оламига кириш ақл ва мантиқнинг йўриғидир. Она тилидаги собитлик — миллий тафаккур ўзанини саломат сақлайди.
Яна шуни ҳам таъкидламоқ жоизки, халқимизда «Ўз қадрини билмаган ўзганинг қадрини билмас» тарзидаги бикир бир ҳикмат бор, шу ҳикмат таъбири доирасида атоқли ўзбек шоири Эркин Воҳидов ўзининг «Сўз латофати» номли латиф китобида қуйидаги ҳаққоний гапларни айтган: «Биз ўз она тилимиз қадрига етсак, араб тилининг бойлиги ва мукаммал қурилишини қадрлаймиз, форс тилининг нафосати ва гўзаллигидан баҳра оламиз, инглиз, рус тилларининг қудратини ҳис қиламиз. Уларни чуқур ўргансак, рақобат тўла бу оламда бамайлихотир қадам ташлаймиз».
Интиҳосиз ифтихор билан айтиш жоизки, ўзбек тили бу курраи заминдаги энг қадимий ва бой тиллардан биридир. Бу тильда бугун эллик миллионга яқин кишилар сўзлашмоқда, бу тилнинг чин муҳиблари сони ортиб бормоқда. Кўплаб турли хорижий мамлакатларда ўзбек тилини катта иштиёқ билан ўрганишмоқда. Мамлакатимизда миллат ва халқ ҳамиятининг мунтазам ҳимоятини елкалаган «Давлат тили ҳақида»ги Қонунимизга мувофиқ тарзда шаклланган холис тил сиёсати боис ўзбек тили ҳамда бошқа тиллар эркин ривож ва такомил йўлидан бормоқда.
Ўзбекистон мустақил давлат сифатида ўзининг озод ва обод сўзи билан, бу сўзга монанд кўламли фаолияти билан ўзлигини дунёга намойиш этаётир.
Низомиддин МАҲМУДОВ,
ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, филология фанлари доктори, профессор.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг