МИБда самарали тизим йўлга қўйилди

09:53 18 Октябр 2019 Жамият
422 0

Жорий йилнинг 9 ойи давомида Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармасига аҳолидан  12 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг қарийб 11 мингтаси ҳал этилган. 4491 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Бу ҳақида бошқарманинг 9 ойлик фаолиятига доир ҳисоботига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди. 

-Ўтган давр мобайнида соҳа ходимлари томонидан энергия ресурслари, сув истеъмоли ва қаттиқ маиший чиқиндилар соҳасида 924,6 млрд сўм қарздорлик ундирилган, -дейди бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳамидилло Масаитов. -Ўтган йилда бу кўрсаткич 650,7 млрд. сўмни ташкил қилган. Шунингдек, бошқарманинг тезкор тармоқлари томонидан ўтказилган тадбирлар натижасида 18 та жиноят иши қўзғатилгани, 1 минг 791 та энергия ресурси тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқлангани, айбдор шахслар тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка тортилгани таъкидланди. Ушбу ҳуқуқбузарликлар оқибатида таъминотчи корхоналарга етказилган моддий зарарнинг 2 млрд. 432 млн. сўми ундирилганлиги билдирилди. Бундан ташқари, вилоят бўйича 756 нафар шахс маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасига асосан жавобгарликка тортилиб, уларга нисбатан қўлланилган 748,7 млн. сўм жарималарнинг 526,6 млн. сўми ундирилиши таъминланган.

  Матбуот анжуманида қайд этилганидек, юридик шахслардан солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш билан боғлиқ жами 18 минг 651 та, яъни 541 миллиард сўмлик ижро ишлари келиб тушган. Ундирилган солиқ қарздорлиги эса 318 миллиард 700 минг сўмни ташкил этган. Вилоятдаги қарздор юридик шахслардан солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш бўйича 911 та 71 млрд. сўмлик кўчмас мулк, қишлоқ хўжалиги техникалари, авторанспорт воситалари хатланди ҳамда қарийб 61 млрд. сўмлик кўчмас мулк ва автотранспорт воситалари сотувга чиқарилган.

Тан олиш керак, кейинги пайтларда мажбурий ижро бюроси ходимларининг фуқаролар билан муносабатларида айрим муаммолар юзага келмоқда. Бу каби ҳолат натижасида вилоятда 17 нафар ходимнинг номуносиб хатти-ҳаракатлари юзасидан 11 та хизмат текширувлари ўтказилган. Натижада 2 нафар ходим ишдан озод этилган, яна 4 нафари жиной жавобгарликка тортилган. Энг муҳими, соҳада бу каби хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш борасида самарали тизим йўлга қўйилди. Унга биноан, жорий йилнинг шу даврига қадар 84 маротаба профилактик тадбирлар ташкил этилиб, 285 нафар ходим билан якка тартибда суҳбатлар олиб борилди. Бу эса соҳада  етук кадрлар салохиятини таъминлашга хизмат қилади. 

Саминжон ҲУСАНОВ, 
(“Халқ сўзи”)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер