Менинг жонажон маҳаллам!
Фото: Халқ сўзи
Бугун юртимизда ёшлар билан ишлашда самарали тизим яратиш, янги авлоднинг орзу-интилишлари, муаммоларини бевосита маҳалланинг ўзида ҳал этиш, маънавий-маърифий, тарбиявий ишлар самарадорлигини янада оширишга қаратилаётган алоҳида эътибор амалий ўзгаришларга замин яратмоқда.

Бу борада давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 январда қабул қилинган «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим аҳамият касб этаётир. Айниқса, ушбу ҳужжатга кўра ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиб, навқирон авлод вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш ишларига жадал киришилганига бугун барчамиз гувоҳмиз.

Фарғона шаҳридаги «Нефтчи» профессионал клуби футбол мактабида «Менинг жонажон маҳаллам» шиори остида ўтказилган ёшлар фестивалида шаҳардаги 70 та маҳалла фуқаролар йиғинларидан йигит-қизлар иштирок этди.

Фестиваль доирасида маҳалла ёшлари ўртасида футбол, баскетбол, волейбол, стол тенниси мусобақалари, «Заковат» интеллектуал баҳси, компьютер ўйинлари бўйича беллашувлар бўлиб ўтди. Шунингдек, «Ёш ошпаз оила», «Мен ўқиган китоб» танловлари, «Уч авлод» учрашувлари ўтказилди.

Ҳарбий хизматчилар, Миллий гвардия ҳамда ички ишлар ходимларининг кўргазмали чиқишлари, ҳарбий техникалар намойиш этилди. Фарғоналик санъаткорларнинг дилрабо куй-қўшиқлари фестивалга янада файз киритди.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг