Меҳрдан туғилган наво

10:25 02 Май 2018 Маданият
1013 0

"Раҳбар бўлсанг, китоб ўқи" маънавий-маърифий лойиҳаси доирасида

Олимжон Ўсаровни ижод оламида илк бор тележурналист сифатида кашф қилган эдик. Унинг “Чироғи ёниқ уй” кўрсатуви ўзбек хонадонига меҳрдан иборат нурни, ёруғликни олиб киргани кечагидек эсимда. Кейинчалик ҳамкасбимиз ҳуқуқ соҳасида қалам тебратиб, номи тилга тушди. Мамлакатимизнинг турли минтақаларида жойлашган ҳудудларда Олий Мажлиснинг икки чақириғида депутатликка сайланган Олимжон Ўсаров кўз ўнгимизда сиёсат соҳасининг вакили сифатида намоён бўлди. Қонун ижодкорлиги билан ўн йил шуғулланган халқ ноиби парламент фаолияти даврида ҳам қаламини қўлдан қўймади. Унинг депутатлик хизматига ҳамоҳанг яратган монография ва ўқув-услубий қўлланмалари бу соҳада ўзига хос сўқмоқни очди. 
Шу кунларда Олимжоннинг “Юлдузлар карвони” сарлавҳали шеърий тўплами унинг яхшигина шоир эканлигини кўрсатиб турибди. Кирилл ва лотин ёзувларида чоп этилган ушбу китоб мавзу жиҳатдан беш бобдан иборат. Унинг икки боби — “Ота меҳри” ва “Волидамга эҳтиром” шоирнинг оиладаги қадрдон инсонларига бағишланган. 
 Дунё адабиётида онанинг фарзандига чексиз меҳри, нури дийдасининг волидасига муҳаббати азалий  мавзу. Лекин ҳамма халқларда ҳам ота сиймоси бор бўйи билан мадҳ этилавермайди. Албатта, отани она образига қарши қўймоқчи эмасман. Гап шундаки, Ер юзининг айрим бурчакларида туғилган боланинг онасигина аниқ, нарёғини худо билади. Бизнинг палаги тоза халқимизда ота деганда нафақат фарзанднинг келиб чиқиш наслини, балки айни пайтда бутун шажаранинг ибтидосини тушунамиз. 
Шу боисдан бўлса керак, шоир ва адибларимиз ота мавзуига доим мурожаати қилиб туришади. Олимжон Ўсаровнинг шу мавзуда битган туркум шеърларида ҳам ҳаёт фалсафаси уфуриб туради.
Ота ўз боласининг кўзида ёш кўрмасам, дейди. Ўғлони боши эгилса, ич-ичидан озор чекади. Маълум бўлишича, ота наслининг давомчиси  ҳақиқатга етишишда қийналаётган экан. Болагинам, мен шу ҳақиқат йўлида сочларим оқарди-ку, ниҳоят уни топдим. Сен уни асрамоқчи бўлсанг, ўзингни фидо қилишинг керак. “Отамнинг иқрори” шеъридан чиқарилган ҳисса шундай.
Фарзанд ўн йил ичида отасининг сочларига шунча оқ тушганидан ажабланади. Унинг мурғак тасаввури биринчи марта мактабдан қониқарсиз баҳо олиб келганида отаси бошида илк бор оқ тола пайдо бўлганини эслайди. Шундан хулоса чиқаради: наҳотки мен ўн йилда шунча “икки” баҳо олган бўлсам?! “Ўкинч” шеъри орқали бола отага ташвиш келтириши мумкин экан, деган фикрни уқтиради.
Бир меҳнаткаш инсоннинг доимий ҳамроҳи кетмон бўлади. Ҳаёт давомида кўплаб эҳтиёжини кетмон ёрдамида уддалади. Ёши улғайганда меҳнат қуролини ўғлига мерос қолдирди. Буни қарангки, ота оламдан ўтганда қабрни қазишда ҳам ўша кетмон иш берди. “Ана! Меросхўр ўғилнинг ёнида, йиғламоқда кетмон ҳам, қабр бошида...” деб якунланади шоирнинг “Кетмон” шеъри. Қаранг, жонсиз, тилсиз оддий кетмон йиғласа... Бутун умр инсонга йўлдош бўлган нарса унга ҳамдард бўлганига ишонгингиз келади. Шеъриятнинг беқиёс қудрати шунда.
Энди тўпламнинг онага бағишланган бобига эътибор қилайлик.
Сочганларим гавҳармас, болам,
Муҳаббатнинг уруғи, деди. 
Умидлардан яшнади олам,
Гўё жаннат пойимда эди —

бу тўртлик “Волидамга эҳтиром” бобининг сарварағига қўйилган.
  “Юздаги ёзувлар” шеърида лирик қаҳрамон онажони чеҳрасидаги ажинларга тикилиб кўнглидан ўтганини қоғозга туширади. Бу чизиқлар тушишига нима сабаб бўлган экан?! Ўзбек аёлининг даладаги заҳмати кўз олдимиздан ўтади. Халқона таъбир билан айтганда, аёлни тупроққа қоришган меҳнат чақиб қўйган. Лекин шу ҳолатдан ҳам некбин хулоса ясайди:
Эҳтимол табиат нисор айлаган
Жаннатий аёлга эҳтиромдир бўл.
Чунки шу ёзувга тикилганимда,
Волидамга меҳрим ортади нуқул.

“Соғинч” сарлавҳали шеърда шоир ўзининг ёшлик дамларини ёдга олади. Шу хотиротлар беихтиёр онани ҳам эсга олади. Кечалари юлдуз санардим, тоғ лоласи атрофга ёқимли бўй таратганда илҳомланиб куй чалардим. Қалбимда поклик меҳригиёси барқ урарди. Бугун эса болалигим олисда қолди. Энди юлдузларга кўзим тушганда ўз-ўзимча ўйга толаман, дейди. Бу соғинч туйғуси шеърхонга кўчади. 
Лирик қаҳрамоннинг мазаси қочади. Шифокорлар уни кўздан кечириб, беморни даволашга олиб кетиш керак, деган хулосага келишади.
Бу қарорга жавобан хаста кўнгил нидоси шундай:
“Машинани тезда тўхтатинг, доктор,
Мен касал эмасман — фақат ичикдим.
Фарзандларим олдида бўлмай, деб “қарздор”
Онамни кўрмоқдан анча кечикдим”. 

Бу сатрларда онанинг дийдорига кечикманг, деган даъват, огоҳ бор.
Тунги поезд купесида бир йигит уйқусида “Ойи, ойижон” деб қўяди. Ҳамроҳи уйғонган сафардошидан ҳол-аҳвол сўрайди. Унинг айтишича, йўловчи туш кўрибди. Тушида беланчак оғушида тебранар, тепасида раҳматли онаси “Алла болам” деб тебратаётганмиш. Қаранг, одам боласи тушида ҳам онасини кўрганда унга эркаланади-я... “Туш” шеъридан шундай туйғуларни уқиш мумкин.
Бадиий ижод усулларини шеърга восита қилиб олиш Олимжон Ўсаров ижодига хос йўл. Унинг мазкур бобдаги бир қанча шеърлари “Истиора”, “Ташбеҳ”, “Тазод” деган номлар билан аталади. Албатта, кўнгилда туғилган фикрни муайян шаклга солиб айтган яхши. Бироқ шу ўринда онани улуғлаш асносида фарзанднинг бепарволиги (“боланинг кўнгли далада”) “Тазод” шеърида қандай ифодалангани хусусида бир мулоҳазани айтишга жазм қиламиз. “Тазод” — бу адабиётда қаршилантириш усули бўлиб, бир-бирига тескари ҳолатлар ёнма-ён таққосланади. Ҳосил бўлган “контраст”ли муқояса китобхонга ёрқин фикр ҳадя этади.
Беш-олти сатрда ифодаланган шеърни таҳлил қилайлик.
Учрашувда, Онажон,
Сизга атаб шеърлар ўқийман.
Ашъорларда мақтайман Сизни,
Бироқ токчадаги
        чанг босган
        менга мудом
        меҳр-ла боққан
суратингизни 
Артишга ҳеч вақт тополмайман...

Беихтиёр шоирга “Тазод” шеърини ёзгунча онангиз суратини меҳр билан чанг-ғубордан тозалашингиз мумкин эди-ку, деб юборасиз. Агар шундай қилинганда шеърдаги “Тазод” йўқоларди. Бизнингча, бунинг ҳам имкони бор. Агар сўнгги сатрдаги “тополмайман” сўзи “тополмабман” (яъни “Энди топаман” деган маънода) сўзи билан алмаштирилганида лирик қаҳрамоннинг таассуфи аниқроқ акс этарди, деб ўйлаймиз. Албатта, бу муаллифнинг катта ишдаги жузъий камчилигидир. Ундай ҳолатлар китобнинг мазмунига шак келтирмайди. 
Илгари ҳам Олимжон Ўсаровнинг шеърий намуналарини турли даврий нашрларда ўқиган эдик. Лекин улар саноқли шеърлар бўлиб, шоир ҳақида яхлит тасаввур бермасди. “Юлдузлар карвони” тўплами эса муаллифнинг янгиланган руҳини,тозарган кўнглини, тийрак назарини ёрқин акс эттиради. Демак, ушбу китобни Олимжон Ўсаров ижодида олға одим деб баҳолаш мумкин. Зотан, шоирнинг эътирофича, “ҳар битта сатри қалбидан, меҳрдан туғилган наво”. 

Шуҳрат ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат 
кўрсатган журналист.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер