Меҳр-мурувват ва янгиланиш айёми
Фото: Халқ сўзи
Меҳр-мурувват, миллий қадриятларимиз тантанаси бўлган Наврўз умумхалқ байрами яқинлашгани сари унинг шукуҳи тобора ортмоқда.
Жумладан, Тошкент вилоятидаги барча туман ва шаҳарларда сумалак базми, халқ сайли, турли спорт мусобақалари бир-бирига уланиб, яшариш ва янгиланиш қувончи диллардан дилларга кўчмоқда. Бу тадбирларда, албатта, вилоят «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вакиллари фаол ташаббус кўрсатяпти.
Байрам арафасида Нурафшон шаҳаридаги «Ойбек» МФЙда яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга хайрия совғалари топширилди.
— Бундай удум ва мурувватпешаликнинг мен учун дунёда қиёси йўқ, — дейди ушбу МФЙдаги Мирзо Улуғбек кўчасида яшовчи 72 ёшли ёлғиз қария Клара Гончаренко. — Айниқса, нуроний ёшда ёлғизланиб қолганингда меҳр тўла қалбларга муҳтожлик сезаркансан. Баҳор байрами ўзидек гўзал ва мафтункор туйғуларни улашганидан мамнунман.
— Давлатимиз томонидан биз, кексаларга кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликдан доимо бахтиёрмиз. Яратганга шукр, Наврўз баҳонасида оғзимиз кўкка тегди, сумалак тановул қилдик. Азалдан қадр топган халқимизнинг бир-бирига меҳр-оқибати ҳеч қачон ўлмасин, — дейди яна бир 82 ёшли онахон Гулсара Анорбоева.
Тадбирлар давомида барча эҳтиёжманд кишиларга совғалар улашилиб, моддий рағбатлантирилди.
Чирчиқда эса Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт университети билан ҳамкорликда ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантиришга йўналтирилган тадбирлар бўлиб ўтди. Шаҳар маҳаллаларидан таклиф этилган ёшлар шахмат-шашка, волейбол мусобақаларида маҳорат ва иқтидорини намоён этди. Ғолибларга «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг эсдалик совғалари топширилди.

Айни дамда Пискент туманидаги ўзбек, тожик, қирғиз, қозоқ, рус, татар миллатига мансуб аҳоли бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ яшаётган «Истиқлол» МФЙда Наврўз тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Маҳалла ёшлари ўртасида турли спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Шу билан бирга маҳалла аҳли ён-атрофга мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазишмоқда. Маҳалла кўчалари ободонлаштирилиб, дов-дарахтларга шакл берилаётир.
Шодиёр МУТАҲАРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг