Медиа соҳасида ҳамкорлик истиқболли

20:04 18 Ноябрь 2021 Жамият
796 0

Фото: Абдумуталиб Тойеров - "Халқ сўзи"

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига ташрифи доирасида икки мамлакатда ҳам қатор тадбирлар ўтказилмоқда.

Кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Россия Федерациясининг Рақамли ривожланиш, алоқа ва оммавий коммуникациялар вазирлиги томонидан ташкил этилган оммавий ахборот воситалари соҳаси бўйича Ўзбекистон — Россия иккинчи медиафоруми ана шундай тадбирлардан бири бўлди.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган медиафорумда Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талабалар қатнашди.

Медиафорумнинг очилишида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига ташрифи том маънода тарихий аҳамиятга эга. Ташриф давомида Ўзбекистон — Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниши, қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

— Медиафорум кўтаринки руҳда ташкил этилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев. — Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — Президентимизнинг Россия Федерациясига тарихий ташрифига оммавий ахборот воситалари, дунё жамоатчилиги эътиборини қаратиш. Шу билан бирга, икки мамлакатнинг ахборот соҳасидаги алоқаларини янада кучайтириш, медиа соҳаси вакилларининг ўзаро яқиндан танишуви, контент алмашиш ҳамда кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлигини мустаҳкамлашдан иборатдир.

Тадбирнинг очилиш маросимидан сўнг медиа соҳаси вакиллари иштирокида сессиялар ўтказилди. Сессиянинг биринчи қисмида «Журналистика, оммавий коммуникациялар ва ахборот технологиялари соҳасида малакали кадрлар тайёрлашда замонавий ёндашувлар», «ОАВни рақамлаштириш шароитида журналистик таълим: касбий ваколатлар ва қадриятлар», «Журналистлар малакасини оширишда Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлиги истиқболлари» каби мавзуларда фикр алмашилди.

Иккинчи қисми эса контент алмашиш мавзусига бағишланди. Унда аннимацион контентни ишлаб чиқариш ва тарқатиш, телекоммуникациялар орқали қулай имижни шакллантириш, ўзаро контент алмашиш учун Rutube видеохостингидан фойдаланиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди.

Шунингдек, медиафорум доирасида россиялик мутахассислар иштирокида тренинг ҳам ташкил этилди. Унда замонавий технологияларнинг оммавий ахборот воситалари ривожига таъсири, медиа ва IT соҳасида кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик истиқболлари, интерфаол технологияларнинг мультимедиа журналистикасини қандай ўзгартираётгани ҳақида сўз юритилди.

Мазкур медиафорум илк бор 2018 йилнинг октябрь ойида ўтказилган эди. Кўтаринки ва қизғин руҳда ўтган иккинчи медиафорум ҳам соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Дилшод КАРИМОВ

(“Халқ сўзи”).

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер