Марказий сайлов комиссияси аъзоси: “Номзодларнинг таржимаи ҳолини таҳрир қилиш ва хатосини тўғрилаш МСКнинг вазифасига кирмайди. Бу номзод ва сиёсий партияларнинг иши"

19:07 17 Декабрь 2019 Сиёсат
1673 0

Фото: ХПК


Бугун Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида навбатдаги мажлиси ҳамда брифинг бўлиб ўтди. Унда МСК аъзолари ва масъул ходимлари, сиёсий партиялар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Қуйида уларда билдирилган таҳлилий-танқидий фикрлар, фактлар, таклифларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Мирзо-Улуғбек Абдусаломов, Марказий сайлов комиссияси раиси:

— Сайлов округ ва участкаларида хизмат маошини олмаган ходимларга шу ҳафта хизмат ҳақлари етказилсин.

Айрим участкаларда ходимларнинг хизмат пулларига кўз олайтириш ва ўзлаштириш ҳолатлари кузатилмасидан олдин огоҳлантирмоқчиман: агар шундай ҳолат кузатилса, прокуратурага ҳолат юзасидан хабар берамиз ва бу шахс жиноий жавобгарликка тортилади.

... Сайлов участкаларида сайлов бюллетенларини қўриқлаш масаласини ишончли тарзда йўлга қўйишимиз керак. Бу масалага вилоят, туман, шаҳар сайлов округи раҳбарлари жавобгар. ИИВ ва Миллий гвардия ходимлари ҳам жалб қилинган.
 

Махмуд Истамов, МСК раиси ўринбосари:

— 22 декабрь куни бўладиган сайловларда 70 дан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситаларининг 99 нафар журналистлари ҳам қатнашади. Буюк Британиянинг BBC, Россиянинг “Россия сегодня” ва ТАСС, АҚШнинг “Bloomberg” ахборот агентликлари, Япониянинг “Nikkei”, Франциянинг “Radio France International” ва “LʼOpinion”, Германиянинг Наэ Цайтн (“Neue Zeiten”) журнал ва газеталари шулар жумласидандир.

... Марказий сайлов комиссияси ижтимоий тармоқларда айрим депутатликка номзодларнинг плакатларидаги қўпол хатоликлар ҳақида чиққан маълумотларни, уларга нисбатан юртдошларимизнинг билдирган муносабатларини ҳам кузатиб бормоқдамиз.

Марказий сайлов комиссияси тарғибот плакатларида йўл қўйилган бундай камчиликларни кескин қоралайди.

Бу сиёсий партиялар томонидан ҳам, депутатликка номзодлар томонидан йўл қўйилган хатолик эмас, сайловчига бўлган ҳурматсизлик деб баҳолаймиз.

… Бугунги кунда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида эълон қилинган сайловчилар сони 20 миллион 503 минг 462 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 10 147 772 нафари эркаклар, 10 355 690 нафари аёл сайловчилардир.

Сайловчиларнинг 1 721 358 нафари ёки 8,4 фоизи хорижий давлатларда тузилган 55 та сайлов участкасига бириктирилган. Қолган қисми республикамиз ҳудудидаги 10 260 та сайлов участкасидан бирида овоз беради“.

... Жорий сайловларда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва Сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизими илк маротаба бутун мамлакат миқёсида қўлланилмоқда.

... 170 мингдан ортиқ турли даражадаги округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларига транспорт ва бошқа харажатларни қоплаш учун компенсация тўловлари тўланиши тўлиқ таъминлангани тўғрисида ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан ахборот берилди“.

… 12-16 декабрь кунлари натижаларига кўра Ўзбекистон ҳудудидаги сайлов участкаларида 20 479 нафар шахс муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди.

Бунда энг кўп Қорақалпоғистон Республикасига 2 842 нафар шахс тўғри келмоқда. Энг кам 438 нафар шахс Сирдарё вилоятида муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланган.

… Жорий йилнинг 15 ноябридан бошлаб барча участка сайлов комиссиялари тизимдан ўзларига тегишли сайловчилар рўйхатларни олиб, уларга уйма-уй юриб аниқлик киритиб бордилар.

Ўзбекистонда аҳолининг охирги хатлови 30 йил олдин 1989 йилда қилинган. Умумдавлат миқёсида бунга ўхшаш ягона маълумотлар базаси биринчи маротаба жорий қилинмоқда. Шунинг учун ҳам тизимда айрим ноаниқликлар мавжуд бўлиши мумкин. Бу сайловчининг эски турар жой манзили бўйича рўйхатга олингани, сайлов участкаси нотўғри кўрсатилгани кабилар.

.. 16 декабрь куни овоз бериш натижаларига кўра 62 007 нафар хорижда истиқомат қилаётган фуқаролар муддатидан олдин овоз беришда қатнашдилар.
 

Гулноза Исмоилова, МСК аъзоси:

— ЕХҲТ демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси томонидан эътиборни кучайтириш лозим бўлган айрим жиҳатлари мавжуд.

Жумладан, Сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларга сиёсий партиялар ва номзодларнинг сайловолди дастурларини оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда, шунингдек сайловчилар билан учрашувлар ташкил этиш орқали ёритиш ва аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириши;

оммавий ахборот воситалари вакилларига сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари ўзаро таҳлил қилинган ҳолда уларни ёритиб боришни кучайтириш, шунингдек омма олдида ўтказилган очиқ мунозаралар (дебатлар) бўйича якуний таҳлилий фикрларини тақдим этиш таклифи берилган.

... Сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш (ҳаммага маълум қилиш), шу жумладан ахборот тармоқларига, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш тақиқланади“ - дея Сайлов кодексининг 103-моддасида ўрнатилган.

Сайлов куни ташвиқот қилиш қатъиян ман этилади. Сайлов қонунчилигини бузганлиги учун жавобгарлик муқаррар. Ҳар бир сайловчи жамоатчилик томонидан ҳеч қандай босимларсиз ўз танловини амалга оширмоғи даркор.


 


Шерзодхон Қудратхўжаев, МСК аъзоси:

— Ижтимоий тармоқларда гувоҳи бўлмоқдамизки, айрим номзодларнинг таржимаи ҳолида кўп имловий ва фактологик хатолар мавжуд.

Бундай ҳолатларда баъзилар Марказий сайлов комиссиясини айблашмоқда. Лекин номзодларнинг таржимаи ҳолини таҳрир қилиш ва хатосини тўғрилаш МСКнинг вазифасига кирмайди. Бу номзод ва сиёсий партияларнинг иши.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер